Печать
Категория: Jamiyatdagi
Просмотров: 730

Навоий 1

 

 

 

“ЭЙ НАВОИЙ, КИШИГА БЕРМА КЎНГУЛ...” 

 

 

 

 

Мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг ҳар бир ёзган асари, хоҳ у достон бўлсин, хоҳ ғазал ёки рубоий, хоҳи қитъаю туюғу фард, уларда буюк маъни ва тиниқ ҳикмат сарчашмаси мавжланади. 

 

 Ўқиган ва уққан кўнгилни ёруғликка тўлдиради улар, яхшилигу шукроналикка ундайди яна. Энг асосийси, руҳдаги норозилик кайфиятини илоҳий хотиржамлик билан алмаштириб, амал қилгувчини қаноат мулкида ибрат хожасига айлантириш учун хизмат қилади.  Масалан,  буюк сўз султонининг шундай қитъси бор:

Улки, ифлосдин аёғинда

Кафш йўл азми чоғи йўқтур онинг.    

Шукр қилдик боқиб бирав сори,

Ки юрурға аёғи йўқтур онинг.

Дарҳақиқат,  кўпинча руҳу жонимизни бошқарадиган қониқмаслик туйғуси таъсирида ўзимиздаги Аллоҳ берган беҳисоб неъматларни ҳадеганда илғайвермаймиз, унинг шукронасини қилиб яшамаймиз, аксинча, кўп ҳолларда нолиш-норозиликлар гирдобида қолиб, не-не нобакорликларга эшик очганимизни билмай қоламиз. Ваҳоланки, муҳтарам Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, авлиёларнинг авлиёси бўлган султон шоиримиз бизни шундай кезларда юқоридаги мисралари билан тафаккур қилишга ундайди. Оёғингга кийишга “кафш”- пойафзалинг йўқми, шукр қил, ҳу ана кишининг юрмакка оёғи йўқ. Сен югуриб-елиб ишласанг, ҳаракат қилсанг, оёқ кийимли бўларсан, аммо у хоҳлагани билан оёқли бўлолмайди.  Аслида, тафаккур қилсанг, сенга берилган бундай неъматлар жуда кўп. Уларни сенга бериб қўйгани учун ҳам шукр қил Яратганингга, деган ундов бор.

Ёки яна бир қитъасида сўз салтанатининг “маликул мулк”и шундай дебди:

Юқори ўлтурурни ким тиласа,

Кишиликдин ани йироқ билгил.

Ўлтурур сафда юқориликдин,

Ўлтурур сафда яхшироқ билгил.   

Бу оддийлик, камтарликни улуғлашга қаратилган, миллатимизга хос бўлган одобтарбия фазилатларини баланд қўядиган маънилар жавоҳиридаги ҳикматни эътибор билан ўқиган киши тушунмаслиги мумкин эмас. Аммо уни ўқиб-уқишдан ташқари амалда қўллаш, масаласи ҳам турибди. Худди ана шу нарса эса кишининг инсонлиги-одамийлик масаласи билан дахлдордир.

 Ёки қуйидаги мисраларига эътиборни қаратайлик:

 Уч кишидин уч иш ёмон кўринур,

Санга арз айлай аҳли дунёдин.

Шоҳдин тундлуғ, ғанидин булх,

Молга майлу ҳирс донодин.

Халқнинг ишига етакчи бўлган кишининг меҳрли, очиқдил бўлишига, бой-бадавлат кишиларнинг очиққўл, саховатпеша бўлмоқларига, ақлли одамлар молга ҳирс қўймасликларига ундов тарзида ёзилган бу қитъани ўқиб ҳам ҳар биримиз ўз камчилигимизни кўришимиз, хатоларимизни англаб, ҳаёт-фаолиятимизни тўғри ўзанга солиб олишимиз мумкин.

Энг асосийси, бу улуғ бобокалонимизнинг яна бир пандномалари бор. У зоти авлиёсифат инсонларнинг бир-бировидан дўст-биродарлик масаласида нолиб-норози бўлиб юришларигада ўз ижодида жуда чиройли жавобларни ҳозирлаб қўйган: 

Не толиъдурки, ҳар кимни десам ёр,

Манга ул оқибат бўлур бадандеш.

Бировдур гар ани десам, кўзумсен,

Чекар мужгон киби қасдимға юз неш.

***

Эй Навоий, кишига берма кўнгул,

Агар ул ҳурдурур йўқса пари.

Васли нафъи буки чеккайсен жон,

Ўлтурур лек фироқи зарари.

 Ушбу сатрлари билан ҳар лаҳзада нолиётганимиз оқибатсизликлар хусусида сўз айтган буюк руҳшунос ушбу фарди билан барчасига оқилона сўнгсўзни айтиб, фикр қилганни иймон-тақвога чорлайди:

Аблаҳ они билки, оламдин бақо қилғай тамаъ,

Аҳмоқ улким, олам аҳлидин вафо қилғай тамаъ.   

Аммо ана шундай инсонийлик илму ҳикматлари жамланган Навоий асарларини ўқишни то бугунгача фақат буюк шоирнинг таваллуд кунлари нишонланаётган пайтдагина эсга олардик. Беҳисоб шукронаки, бугун муҳтарам Президентимиз бу мутафаккир шоирнинг асарлари –нон даражасида азиз ва ҳаётимизнинг йўлдоши бўлиши учун алоҳида эътибор қарата бошладилар. Жумладан, адабиёт ва маънавият масаласини ҳам иқтисодиётнинг ёнгинасига қўйиб, юқорига кўтараяптилар бугун.

Аслидаям, биз шундай йўл тутсаккина, мамлакатимизда ҳар лаҳзада эътибор қаратилаётган маънавият Нури саодатининг калбу руҳларимизга бунданда тезроқ ва теранроқ кириб боришига самарали улуш қўшган бўламиз.

Салима УМАРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

15.02.2017