Куни кеча туман ҳокимлиги биносида халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг навбатдаги қирқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси Ф. Умаров бошқариб борди.

Сессия ишида туман ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этишди.

Кун тартибида даставвал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли қарори ижросининг натижадорлиги юзасидан ҳар бир сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ҳисоботларда ҳар бир сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорликни ривожлантириш каби йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар айтиб ўтилди.

Шундан сўнг “Обод қишлоқ” дастури бўйича туманимизнинг Тошработ ва Ҳазора қишлоқларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ҳокими ўринбосари Д. Эргашевнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, ҳудудда истиқомат қилаётган 127 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилага амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда ҳудудда қурилиши режалаштирилган 18 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан 6 та мактаб, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та ҳаммом, 2 та сунъий қопламали футбол майдончаси, 2 та болалар ўйингоҳи, 1 та оталар чойхонаси, 1 та оилавий поликлиника учун ер ажратиш қарорлари ва техник шартлари буюртмачи ташкилотга тақдим этилган.

Сессия кун тартибидаги учинчи масала – “Фаол тадбиркорлик, ин­новацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг тумандаги ижроси юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Бобомуродов ҳисоботи тингланди. Маърузачи ўз сўзида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Айтиш мумкинки, туманимизда сайёҳларнинг эътиборини тортадиган тарихий қадамжолар ва хушманзара манзиллар кўп. Фақат бу бўйича тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Депутатлар сессияда ушбу масала доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Шунингдек, сессияда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида олиб борилган ишлар ва 2018 йилда бажарилиши режалаштирилган устувор вазифалар, туманимиздаги мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш сифати, таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши ҳамда давлат хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ҳолати ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.

31.05.2018