МЕЗБОНЛАР ҒОЛИБ

11C498

Истиқлол йилларида мамлакатимизда спортни оммавийлаштириш, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилган эътибор бугунга келиб, спортчиларимизнинг халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига замин яратмоқда.

Албатта, спортнинг барча турларидаги малака ва марралар мусобақа ҳалқаро  турнирлар орқали синовдан ўтиб, ўз маромига етказилади. Шу боис, мамлакатимиз спорт ареналарида дунё спорт рейтингида етакчилик қилаётган таниқли спортчилар иштирокида кўплаб халқаро турнирлар ўтказилади. Навоий шаҳрида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ташаббускорлигида Амир Темур шарафига бағишлаб уюштирилган Қўл жанги бўйича профессионал лига (H2HFIGHT) Халқаро турнири шулардан бири бўлиб, унга Навоий конметаллургия комбинати Давлат корхонаси ҳомийлик қилди.

— Мазкур турнирнинг анъанага айланиб бораётгани Ўзбекистонда спортнинг барча турларига, айниқса қўл жангига катта эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир, — дейди Қўл жанги бўйича Халқаро федерация Президенти Сергей Астахов. – Сабаби спортда энг асосийси кучлар доимий синовдан ўтказилиб, ютуқлар такомиллаштирилиши лозим. Шуни мамнуният билан таъкидлашимиз жоизки, бугун ўзбекистонлик спортчилар билан дунё спортчилари чўчиб беллашувга чиқадиган бўлишди. Бу ҳам мамлакат спортининг юксак марраларни забт этгани, спортчилар рейтинги ошиб бораётганлигининг тасдиғидир.

Турнирдаги беллашувлар бешта вазн тоифасида олиб борилди. Унда 68 килограмм вазн тоифасида навоийлик Жамшид Бегматов, 75 килограмм вазн тоифасида бухоролик Жаҳонгир Жумаев, 80 килограммда тошкентлик Одилжон Сирожиддинов, 85 килограммда Бегзод Нурматов ва 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида Илёс Раимовлар юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Рингда россиялик Ренат Булькин, Максим Ефременко, Нурмуҳаммад Бесланеев, молдовалик Томус Деонисе ва Александр Ляхлар тегишли вазн тоифаларида уларга қарши жанг олиб бордилар.

Муросасиз кечган жангларда ҳамюртларимиз Жаҳонгир Жумаев, Бегзод Нурматов ва Илёс Раимовлар рақибларини енгишиб, умумий ҳисобда мамлакатимиз спортчилари ғолиблигини таъминладилар.