Трибуна.ўзТаиландда ўтказилаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ҳам ўз иштирокини бошлади. Биринчи турда амалдаги чемпион Ўзбекистон Эрон билан 1:1 ўйнади.
Ўйинни эронлик футболчилар ташаббус билан бошлашди. Рақибнинг кетма-кет ҳужумларидан сўнг дарвозабон Абдувоҳид Неъматов бир нечта ҳолатда хатога йўл қўйди. Ўйиннинг дастлабки 10 дақиқаси ортда қолгач Ўзбекистон тўпни назорат қила бошлади ва футболчиларнинг хатолари камайди. Азиз Ғаниев жуда кучли зарба билан дарвозани нишонга олишга уринди, аммо унинг зарбаси ноаниқ бўлди.


25-дақиқада ўйиндаги илк голли вазият содир бўлди. Ўнг қанотдан эронлик футболчилар олдинга ўтишди ва тўп ҳимоячилардан ўтиб Али Шўжаийга келиб тушди. Бу вақтда Неъматов тўпга чиқишда хатога йўл қўйган ва дарвоза бўш қолганди. Аммо Шўжаий бўш дарвозага гол ура олмади.
26-дақиқада ўзбекистонлик футболчилар ўйинда илк марта аниқ зарба йўллашди. Жасур Яхшибоевнинг зарбасини дарвозабон қайтарди. Кўп ўтмай Яхшибоев чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб тўпни дарвоза яқинига узатди, аммо Бобур Абдухолиқовдан олдин тўпга дарвозабон етиб келди.
Ўйиннинг 40-дақиқасида ҳисоб очилди. Бобур Абдухолиқов жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиб фаол ҳаракат қилди ва оқибатда унга қарши қўполлик ишлатилди. Ҳакам ҳеч иккиланмай пенальти белгилади. Стандартни жамоа сардори Ислом Қобилов хотиржамлик билан голга айлантирди.
Иккинчи бўлим аввалида захирадан майдонга тушган эронлик Меҳди Қоидий яққол ажралиб турди. У биринчи бўлимда қулай имкониятдан фойдалана олмаган Али Шўжаийнинг ўрнига майдонга тушганди. Қоидий бир нечта вазиятда футболчиларимизни шошириб қўйди.
Аммо ҳисобни Эроннинг бошқа футболчиси тенглаштирди. 57-дақиқада Ризо Деҳқоний ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан сўнг гол урди.
80-дақиқада Жасур Яхшибоев жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. Дарвозабон билан бирга бир чиқиб борган Жасур зарба бермай йиқилиб тушди. Кўп ўтмай Ойбек Бозоров деярли бўш дарвозага гол ура олмади. У дарвозабон ҳам алданган вақтда тўпни тепага тепиб юборди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйини Тошкент вақти билан 18:15 да Хитой ва Жанубий Корея жамоалари ўртасида бошланади.

Манба: Kun.uz