DSC 0897“ХАЙР, МАКТАБ-САЛОМ, КОЛЛЕЖ!”

Вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби туманимиз таълим муассасаларида ҳам ушбу шиор остида тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилди.

25 май куни туманимизда 1514 нафар ўқувчи мактаб билан хайрлашди. Энди улар ўзлари танлаган йўналиш ва мутахассислик бўйича академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида таълимнинг кейинги босқичини давом эттиради.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди.

 

Шунинг натижаси ўлароқ, юртимиз ёшлари 9+3 тизими асосида бепул таълим олиш имкониятига эга бўлди. Яъни ҳар бир ўқувчи тўққиз йил давомида мактабда умумтаълим фанларини чуқур ўзлаштириб, ўз қизиқиш ва истагига кўра хохлаган академик лицей ёҳуд касб-ҳунар коллежида ўқишини давом эттириши мумкин.

Туманимиз мактабларида 9-синфни тамомлаётган йигит-қизлар ўртасида ўтказилган сўровномада уларнинг 90,6 фоизи касб-ҳунар коллежларида, қолган ўқувчилар эса академик лицейда тахсил олиши маълум бўлди.

— Жорий ўқув йилида билим даргоҳимизни 73 нафар ўқувчи битирмоқда, – дейди 13-умуммий ўрта таълим мактаби директори Машраб Тошев – “Хайр, мактаб-салом, коллеж!” тадбири доирасида ҳам битирувчиларимиз ўзлари танлаган касб-ҳунар коллежи ва лицейларга ота-онаси билан бориб, у ердаги таълим жараёни, яратилган қулайлик ва шароитларга баҳо берди. Бу йилги тадбирларимиз ҳар йилгидан бошқачароқ ўтди. Йил давомида ўзининг намунали хулқи, одоб-ахлоқи билан синфдошларига ибрат бўлган аълочи ўқувчиларни “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан тақдирладик, ота-оналарига раҳматнома билдирдик.

Таъкидлаш лозимки, битирувичиларнинг касб танловини янада ойдинлаштириш мақсадида ўқув йили давомида туманимизнинг барча мактабларида “Мен қайси касб эгаси бўламан” мавзуида иншолар ташкил этилди.

Шунингдек, “Касблар фестивали”, “Очиқ эшиклар куни” ҳам ўтказилиб, унда ўқувчилари ўз ҳудудларидаги касб-ҳунар коллежларининг шарт-шароитлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари, ташкилот ва корхоналар фаолияти билан яқиндан танишишди.

– Тўққиз йил таълим олган жонажон мактаб ва устозларимиз билан хайрлашиб, ҳар биримиз танлаган касб-ҳунар коллежи ва академик лицей сари йўл олмоқдамиз, – дейди 13-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Шоира Юсупова – Келажакда ўзим танлаган касб мутахассиси бўлишим учун мактабда олган билимларим менга пойдевор бўлади, албатта. Келгусида биз, ёшларнинг замонавий билим олишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, ўқишимни Навоий шаҳридаги 1-академик лицейида давом эттирмоқчиман.

Мазкур билим даргоҳида бўлиб ўтган шодиёналарда туман ҳокимлиги,  туман халқ таълими вакиллари, “Кармана овози” газетаси таҳририяти давлат корхонасининг бир гуруҳ ходимлари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари қатнашиб, битирувчиларга самимий дил изҳорларини билдирдилар. Ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, шеърлар тадбирнинг эсда қоларли ўтишини таъминлади.

– Мактабда замон талаблари даражасида билим олдик, — дейди 15-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Ирода Ҳазратова. — Бугундан зиммамиздаги масъулият янада ошди. Таълимнинг кейинги босқичида ҳам кучли шижоат ва ғайрат билан илм олишимиз зарур. Қаерда бўлмайлик устозларимиз ўгити, улар берган таълим-тарбия бизга сабоқ, умр йўлларимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат,бугунги ёшлар фақатгина илм олиш билан чегараланиб қолмасдан тезкор асрнинг ҳаёт синовларига бардош бера оладиган, юртимиз равнақи учун жон куйдирадиган фидойи, комил инсон бўлиб етишмоқдалар. Улар  қалбида ана шундай эзгу мақсадларни жо қилган, бир сўз билан айтганда, зиммасидаги масъулият юкини англай оладиган, аждодларга хос муносиб авлоддир. Бу эса ўтказилаётган тантаналарда ўз ифодасини топмоқда.

У. ОДИЛОВ.

30.05.2017