ҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК ПУНКТЛАРИҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК ПУНКТЛАРИ ҚИСҚАРАДИМИ?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашиб, ушбу тизимни янада ривожлантириш, мавжуд камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 январдаги мажлисда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни таҳлил қилиб, берилган топшириқларга қарамасдан қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятида ҳамон ижобий ўзгариш сезилмаётганлигини таъкидлаб ўтди. 

Албатта, бугунги кунда самарасиз ишлаётган қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш Президентимиз таъкидлаганидек, давр талабидир.

Бу борада туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, туман ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тумандаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктларининг жойлашуви, уларга бўлган талаб ўрганиб чиқилди.

Жумладан, “Ҳазора”, “Дўрман”, “Ибн Сино”, “Зарафшон”, “Учқун” қишлоқ врачлик пунктлари негизида поликлиникалар ташкил этилмоқда. Ушбу поликлиникаларга ҳудудига қараб қишлоқ врачлик пунктлари бириктирилади.

Туманимиз бўйича фақатгина “Бўстон” ва “Азамат” қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилаётган поликлиникаларга 2 километр масофада жойлашганлиги учун қисқартирилмоқда.

Бундан ташқари, туманда ташкил этилаётган поликлиникалар ёнида тез ёрдам шохобчалари бўлиши билан биргаликда, қўшимча равишда “Маданият” ҳамда “Нарпай” қишлоқ врачлик пунктларида ҳам шундай шохобчалар ташкил этилади.

 Бу ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад, албатта, аҳолига фақатгина умум амалиёт шифокори хизмат кўрсатаётган кам самарали қишлоқ врачлик пунктларини ривожлантириш, жаррох, терапевт, педиатр, акушер гинеколог, стоматолог, умум амалиёт врачи, ультра товуш текшируви, беморлар ётиб даволанадиган 10 та стационар ўринлари бўлган кундузги шифохона, дорихона ҳамда тез ёрдам хизматини кўрсатадиган ҳудудий поликлиникаларни ташкил этишдан иборатдир. 

Исом НАДИРОВ,

халқ депутатлари туман

Кенгаши депутати, туман тиббиёт

 бирлашмаси бўлим мудири.

21.02.2017