3.100НУРОНИЙЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Бугун, эрта тонгда вилоят марказида жойлашган “Алишер Навоий” номидаги маданият ва истироҳат боғида Навоий шаҳри ва Кармана туманида истиқомат қилаётган Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган нуронийлар билан учрашув ташкил қилинди.
“Қариси бор уйнинг париси бор”, дейдилар. Зеро, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик бўлади. Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш асрлар оша яшаб келаётган боқий қадрятларимиздан саналади.
Ёши улуғ инсонларни қадрлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланишни ташкил этиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган тадбир кечасида Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсунов, нуронийларга вилоятимиз аҳолиси номидан ҳурмат ва эҳтиромини ўз табрик сўзи орқали изҳор этди.
Тадбир давомида бир қатор санъаткорлар нуронийларимиз учун дилтортар тароналардан сараланган концерт дастурини арғумон этишди. Нуронийлар шундай дориламон кунларга шукрона айтиб, ўзларига кўрсатилаётган иззат, эҳтиром учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдирдилар.
Истиқлолимизнинг шонли 30 йиллиги олдидан бу каби тадбирлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 5.08.2021 йил