КАРМАНАДА ОБОД ҚИШЛОҚ ДАСТУРИ АМАЛДА

 

Бугун Кармана тумани “Малик” МФЙда туман ҳокими Ф.Умаров, сектор ва корхона-ташкилот раҳбарлари, маҳалла аҳолиси иштирокида “Узумзор” ва “Гулшан” қўрғонларида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича учрашув ташкил этилди.

Учрашувда дастлаб туман раҳбари Ф.Умаров маҳалла аҳлини “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилаётгани билан қутлади. Шунингдек, дастур доирасида “Узумзор” ва “Гулшан” қўрғонларида амалга оширилиши режалаштирилган кенг кўламли ишлар билан таништирди ва ушбу амалий ишларда маҳалла аҳлини ҳам фаол бўлишга чорлади. Учрашув давомида маҳалла оқсоқоллари олиб борилаётган ободончилик ишлари учун миннатдорчилик билдириб, дуолар қилишди.

Шундан сўнг дастур доирасидаги кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, махсус техникалар ёрдамида таъмирталаб йўлларга қум ва шағал ётқизилди. Шу билан биргаликда, малакали шифокорлар томонидан аҳоли кенг қамровли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган фуқароларга шифохонада даволаниш мақсадида йўлланмалар берилди.

 

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Малик” МФЙга “Обод қишлоқ” дастури доирасида 26 миллиард 578 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ ички йўлларни таъмирлаш, аҳолига ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини ўтказиш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, тиббиёт муассасасини реконструкция қилиш, маҳалла гузари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти биноларини қуриш ва таъмирлаш ишларига сарфланиши белгиланган.