МАҲАЛЛА

МАҲАЛЛАГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Собиқ тузум даврида эскилик сарқити сифатида қаралган маҳалла тизими мустақиллик йилларида қайта тикланди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Албатта, дунёда ўхшаши йўқ бўлган бу ноёб тузилма фуқароларимизнинг турмуш фарвонлигини юксалтириш, ҳар бир оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни баркамол инсонлар қилиб вояга етказишда муҳим аҳамиятга эга. Ота-боболаримиз томонидан айтилган “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган ҳикмат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.  Шу боис, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу тизимни такомиллаштириш, маҳалалар инфратузилмасини тубдан яхшилаш, ҳар бир оилага эътибор қаратиш ҳамда эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 3 февраль куни қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маҳалла фуқаролар йиғинларининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, Фармонда жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларни мафкуравий тахдидлардан ҳимоя қилиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.

Шунингдек, эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига юридик шахс мақомини берган ҳолда уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш назарда тутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашлар эса Республика кенгашининг таркибий тузилмалари ҳисобланади. Фармонга кўра мазкур кенгашларнинг нуфузини ошириш, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари эътиборига етказиш ва мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича уларнинг бевосита иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига тегишинча Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифаси юклатилди. Масалан, Кармана тумани ҳокими жамоатчилик асосида Кармана туман кенгашига раислик қилади. Бундан ташқари, Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида эса жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш назарда тутилди.

Бугун маҳаллаларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб бораяпти. Хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик бозорчалар, савдо нуқталари, ёшлар учун спорт мажмуалари, болалар майдончалари халқ хизматида. Шу сабабдан, яқин ўтмишда имкониятларни ҳисобга олиб, кўпчилик марказий шаҳарларга кўчиб келишга интилган бўлса, бугун тинч ва сокин, обод ва кўркам маҳаллаларни афзал билишмоқда.

Фармонда ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар асосида барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам белгиланган. Қолаверса, эндиликда “Маҳалла ифтихори” кўкрак-нишони таъсис этилиб, ўзининг эътирофли ишлари билан маҳалла ривожига ҳисса қўшган, ёшларнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратган, бир сўз билан айтганда маҳалла виждонига айланган фуқароларга, жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этилади.

Албатта, маҳаллага эътибор келажакка эътибордир. Чунки, бугун маҳаллаларимизда келажагимиз эгалари ҳисобланган ёшларимиз улғайишмоқда, фуқароларимиз тинчтотув, фаровон ҳаёт кечиришмоқда.

Нормамат ОЧИЛОВ,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Кармана туман

бўлинмаси раиси.

21.02.2017