12Вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Қобулжон Турсунов туманимизда жойлашган “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти сиҳатгоҳида Навоий шаҳри ҳамда Кармана, Навбаҳор туманлари аҳолиси ва тад­биркорларини оммавий қабул қилди.

Сайёр мулоқот тарзида ўтган учрашувда Халқ қабулхонаси вилоят ҳамда Навоий шаҳри, Кармана ва Навбаҳор туманлари масъул раҳбарлари, секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Мулоқот чоғида сектор ҳудуди аҳолисининг 50 нафардан зиёд вакиллари бандлик, соғлиқни сақлаш, ичимлик ва суғориш суви таъминоти, ижтимоий ҳимоя масалалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, тадбиркорлик соҳаларидаги фаолият ривожи учун кўмак сўраб юзга яқин масалани ўртага ташлади.

— Қайнотам ҳозирда 94 ёшда бўлганлиги сабаб, ногиронлик аравасига муҳтожлик сезилмоқда, — дейди фуқаро Сафаргул Фармонова. — Отахон биз билан яшайди, доим иссиқ-совуғидан хабардорман. Оилавий ташвишлар билан бироз қўлимиз калталик қилгани боис вилоят ҳокимидан ёрдам сўрадик. Масала шу ернинг ўзида ижобий ечим топди. Албатта, қайнотам бу эзгу ишлар учун сектор раҳбарига миннатдорлик билдириб, яхши ниятлар билан дуога қўл очади. Энг муҳими, юртимизда халқ билан давлат ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатиш, аҳолининг дарду ташвишларини тинглаш ва муаммоларини ҳал этишда мазкур тизимнинг жорий этилганидан барча бирдек рози.

Очиқ ва шаффоф тарзда ўтган учрашувда кўтарилган масалаларнинг қарийб ярмидан кўпроғи шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди. Хусусан, иш сўраб мурожаат қилган иштирокчилар иш билан таъминланди. Соғлиғини тиклаш бўйича, аҳолининг меҳнат ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида қилинган мурожаатлар ижроси бўйича вилоят ва туман корхона ва ташкилотлари ҳамда секторлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Айни пайтда сўзга чиққанларнинг аксарияти муҳтарам Президентимиз бошчилигида бугун барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун ташаккур айтишди, айнан имтиёзли бошланғич тўловларини тўлаган ҳолда уйлар ажратганлигидан миннатдорликлар билдирилиб, давлатимиз раҳбарининг келгуси фаолиятига муваффақият тилаб дуолар қилишди.

Халқ билан мулоқот тадбири доирасида вилоят ва сектор ҳудудида жойлашган корхона ва ташкилотлар иштирокида меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, бир қатор иш билан банд бўлмаган аҳоли тегишли шартномалар имзолашди ва келишувларга эришилди. Шунингдек, тижорат банклари вилоят, шаҳар ва туман­лар филиаллари ўз хизматлари кўргазмасини ташкил этишган бўлса, ҳудуд тадбиркорлари томонидан аҳоли учун арзонлаштирилган истеъмол товарлари ярмаркаси кўпчиликнинг рўзғор ташвишларини шу ернинг ўзида бартараф этишга хизмат қилди.

Вилоят ҳокими учрашув доирасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, очиқ айтилган муаммоли масалалар учун иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг барчаси инсон манфаатларини қадрлаш, халқни рози қилиш ва турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилганини, бу борадаги вазифаларни оғишмай, ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳар бир бўғин раҳбарлари фаолиятининг асосини ташкил этишини таъкидлади.

Нуриддин РАҲИМОВ.

31.05.2018