avto— Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам яхши пенсия оламиз. Ушбу пенсиямизни асос қилиб кредитга автомобиль олишимиз мумкинми?

Келдиёр Аҳмедов,  “Ёшлик” маҳалласи.

— "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик тижорат банклари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 2 октябрдаги ПФ-2084-сонли Фармони талабларига асосан тижорат банклари кредит операцияларини банк Кенгаши томонидан тасдиқланган “Кредит сиёсати” асосида мустақил амалга оширадилар.

Мазкур конуннинг 20-моддасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақил эканликлари, 28-моддасида банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустакил белгиланиши, 31-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Истеъмол кредити (автокредит) бериш борасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тартибга солинади.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир.

Қонуннинг 7-моддасида истеъмол кредити ўз фаолияти натижасида олинган даромадларга, пенсия ва бошқа даромадларга эга бўлган жисмоний шахсларга берилиши белгиланган.

Ушбу Қонуннинг 8-моддасига асосан, истеъмолчи истеъмол кредити (автокредит) олиш учун кредит буюртмасини ва ўз даромадлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бошқа ҳужжатларни истеъмол кредити берувчи ташкилотга тақдим этади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда истеъмол кредити (автокредит) ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда тижорат банклари ва уларнинг филиалларига ёзма мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқ.

Саволга “Ипотека банк”

Навоий вилоят филиали

бошқаруви раиси

Д. ЁҚУБОВ жавоб берди.

03.08.2018