Болажонлар янги ўқув йилини орзиқиб кутишади. Янги кийимларда, янги ўқув қуроллари билан тезроқ мактаб остонасига қадам қўйиш қайси ўқувчига хуш ёқмайди, дейсиз.
Ўқиш бошланишига ҳали вақт бўлсада, аксарият оила фарзандлари мактабга боришга тайёр. Улар мактаб, маҳаллаю марказий бозорларда очилган мактаб ярмаркаларидан керакли ўқув қуролларини аллақачон сотиб олишга улгуришди.
Ҳудудларда ташкил этилган мактаб бозори ва ярмаркалар ота-оналарга қулайлик яратмоқда. Туманимизда ҳам ана шундай бозорлар ташкил этилган бўлиб, ота-оналар фарзандлари учун керакли ўқув қуролларини уйларига яқин жойдан сотиб олиш имконига эга бўлмоқдалар.
— Ҳар йилги анъанага биноан бу йил ҳам мактаб ярмаркаси фаолияти ташкил қилинди. Талабларга биноан 26 турдаги ўқув қуроллари билан таъминланган ярмаркада ота-оналар учун барча қулайликлар муҳайё. Рўйхатда қайд этилган ўқув қуролларига эҳтиёж катта. Ҳар бир харидорнинг талабини қондиришга ҳаракат қилаяпмиз. Тўловлар нақд пул, терминал ва пул кўчириш йўли билан амалга оширилмоқда. Харид қилинадиган ўқув қуролларининг нархи ҳам ҳамёнбоп, — дейди “Канцмаркет” тижорат корхонасига қарашли маданий моллар дўкони раҳбари Хуршид Умаров.
Дарҳақиқат, аҳоли гавжум бўлган нуқталарда мактаб бозори ва ярмаркаларнинг ташкил этилишидан ота-оналар бағоят мамнун.
М. ЯКУБОВА.
Сурат муаллифи
С. АСЛОНОВ.
17.08.2018