Янги ўқув йилида туманимизда 32-умумий ўрта таълим мактаби фаолият бошлади. “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғинида қад ростлаган замонавий таълим маскани ҳудуд аҳолиси учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими Ф. Умаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н. Улуғбердиевлар иштирок этиб, сўзга чиқдилар ва бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги, замонавий таълим бинолари қад ростлаётганлиги ҳамда ёшлар учун барча имкониятлар яратиб берилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.
— 315 ўринга мўлжалланган янги илм маскани ўқувчиларимизга байрамона совға бўлди, — дейди мактаб директори Сухроб Обилов. — 3 миллиард 414 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган янги бино энг замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Олдинги ўқув йилларида ўқувчиларимиз анча олисда бўлган қўшни мактабга қатнашарди. Бу қорқировли, ёғин-сочинли кунларда бироз қийинчилик туғдирарди. Ҳудуднинг ўзида ушбу замонавий мактабнинг очилгани ўқувчиларимиз учун ҳам, ота-оналар учун ҳам яхши бўлди.
“Биринчи қўнғироқ” тадбирлари туманимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида, жумладан 30-умумий ўрта таълим мактабида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Мактабга илк қадам қўйган болажонларнинг кўзларида ҳайрат ва қувонч мужассам. Уларга Президентимизнинг совғаси топширилди.
— Бошланаётган ўқув йилида мактабимизга 108 нафар бола 1-синфга қабул қилинди. Бу шунча ота-онанинг орзуси, фарзандини комил инсон сифатида кўриш умиди бизга топширилди, дегани аслида. Педагогик жамоамиз билан биргаликда дарс муқаддас деган тамойилга амал қилган ҳолда мактабимиздаги барча ўқувчиларнинг дарс машғулотларига тўлиқ қатнашиб, Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб улғайишида ўз ҳиссамизни қўшамиз, — дейди 30-умумий ўрта таълим мактаби директори Камола Темирова.
Жорий ўқув йилида туманимиздаги 32 та умумий ўрта таълим мактабига 2358 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди.
М. ЯКУБОВА.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
7.09.2018