1 989Уйротлик Кенжаевларни туманимиз аҳли қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга сулола сифатида яхши танийди.

Хусусан, “Golden Agro Export” фермер хўжалигини бошқариб келаётган Одил Кенжаев 8 гектар майдонда экспортбоп аччиқ қалампир етиштираётган бўлса, унинг ўғли “Export Pkast Produkt” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Обиджон Саидов 2 сотих майдонда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйган. Жумладан, ҳозирда 5 минг дона Африка лаққа балиғини парваришламоқда.

— Бу ўзига хос жараён, — дейди биз билан суҳбатда О. Саидов, — мисол учун биз етиштираётган турдаги балиқлар иссиқсевар. Уларни озиқлантириш ҳам белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади. Ҳовуздаги сувнинг ҳарорати эса доимий равишда 20-25 даражада бўлиши лозим. Айни пайтда яна 200 мингта балиқ чавоқларини боқаяпмиз. Фаолиятни кенгайтириш мақсадида бир гектар ерда ҳовуз барпо қилишни ҳам режалаштирганмиз. Бу амалга ошса, 25 киши иш билан таъминланади. Келгусида Африка лаққа балиқларини экспортга йўналтирмоқчимиз.

Кенжаевларнинг фермерлик ҳамда тадбиркорлик соҳаларида эришиб келаётган ютуқлари 2-3 сентябрь кунлари мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар” мавзусидаги амалий семинар доирасида алоҳида эътироф этилди. Иккала корхона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида бу ерга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги масъуллари ташриф буюриб, мутасаддилар эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ва тармоқларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан тавсиялар беришди.

Бир сўз билан айтганда, туманимиз ишбилармонлари томонидан маҳсулот ишлаб чиқаришда ўзига хос ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳудуд тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сирож АСЛОНОВ.

Муаллиф олган сурат.

18.09.2018