87 534Мамлакатимизда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус” кўрик-танловининг ўтказилиши юртимизда тадбиркорликка қаратилаётган юксак эътибор, меҳнат, тажриба ҳамда самарали фаолиятнинг эътирофи бўлмоқда. Яқинда “Янги авлод” истироҳат боғида танловнинг туман босқичи ўтказилди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда туманимизда ҳам тадбиркорлик кенг қулоч ёймоқда: янги имкониятлар эшиги очилганлиги, айниқса, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида имтиёзли кредитларнинг берилаётганлиги фуқароларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошираяпти.

Танловда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Бобомуродов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади ҳамда танлов жорий йилда янгича шукуҳ, кўтаринки савияда, байрамона руҳда ташкил этилаётганлигини эътироф қилиб ўтди.

Истироҳат боғи бўйлаб иштирокчиларнинг ўз фаолиятларини акс эттирувчи кўргазмалари ташкил этилди. Туман давлат солиқ инспекцияси, туман Савдо-саноат палатаси – Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, “Ҳунармандлар” уюшмаси ҳамда бошқа тегишли ташкилот ва корхона вакилларидан иборат ҳакамлар ҳар бир йўналишдаги иштирокчининг фаолияти, эришган ютуқлари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати билан яқиндан танишиб чиқишди.

— Иштирокчилар орасидан ғолибларни аниқлаб олиш анчагина қийинчилик туғдирди, — дейди туман Савдо-саноат палатаси – Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази директори Ў. Сахадинов. — Негаки, ўтган икки йил мобайнида ҳудудимизда тадбиркорлар, ҳунармандлар сони кескин кўпайди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топа олишига шубҳа йўқ.

Натижаларга кўра “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича “Янги авлод текстил” оилавий корхонаси раҳбари Абдулҳай Нусратуллаев, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича “Усто Истам” хусусий корхонаси директори Феруза Рустамова, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида “Export Pkast Produkt” МЧЖ директори Обиджон Саидов, “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида “Саид бобо Кенжаев” фермер хўжалиги раҳбари Элмурод Кенжаев, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида тикувчи Мафтуна Неъматовалар танловнинг туман босқичи ғолиби бўлишди.

— Иш фаолиятимизни бошлаганимизга икки ой бўлди. Шу қисқа фурсат ичида саъй-ҳаракатларимиз, янгича дизайндаги маҳсулотларимиз билан ички бозорга кириб бордик. Бу интилишларимиз ўз самарасини бермоқда. Бугун мамлакатимизда яхши яшайман дея интилган ҳар бир инсон юксак марраларни забт этиши мумкин, — дейди М. Неъматова.

Якунда ғолиблар танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди ҳамда “Фахрий ёрлиқ”, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Бу, албатта, Президент соврини сари ташланган илк қадам. Тумандошларимизга танловнинг юқори босқичларида ҳам зафарлар тилаб қоламиз.

Мадина ЯКУБОВА.

18.09.2018