184052 originalКармана тумани ҳокими Фахритдин УМАРОВнинг

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами

муносабати билан соҳа ходимларига

Т А Б Р И Г И

Қадрли устозлар, мураббий ва ўқитувчилар!

Аввало, сизларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Албатта, ҳар бир инсон ўсиб-улғайиб, бирор касбни эгаллар экан, қўлига илк бор қалам тутқазган, унга билим ва тарбия берган устозлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди.

Шу боис, ўзининг кўз нури, қалб қўрини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, кенг шарт-шароитлар бугун барчамизни, айниқса, устозларимизни янгидан-янги марраларга даъват этмоқда.

Ўтган ўқув йили якунлари ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, туманимиз таълим муассасалари томонидан бир қатор йўналишлар бўйича улкан ютуқларга эришилгани, ўқувчилар билим самарадорлигини ошириш ҳисобидан юқори натижалар қўлга киритилганлигини мамнуният билан эътироф этиш жоиз. Жумладан, “Билимлар беллашуви”нинг вилоят, республика босқичларида туманимиз ўқувчилари фахрли ўринларни қўлга киритишди.

Юртимизда яратилган ноёб имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда илм-фан чўққиларини забт этиб, она-Ватанимизга садоқатли, муносиб фарзандлар бўлиб улғаяётган ёшларимизнинг камолотини кўриш ҳар биримизга қувонч бағишлайди.

Бугунги кунда туманимизнинг минглаб ёшлари янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 32 та умумий ўрта таълим мактабида, 4 та ўртамахсус касб-ҳунар коллежида билим ва тарбия олиб, турли спорт ва фан олимпиадаларида ўз салоҳиятларини намойиш қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғи ортида, албатта, сиз азизларнинг машаққатли меҳнатингиз бор.

Азиз устозлар!

Барчамизга маълумки, бугунги тезкор даврда ёшлар онгига таъсир қилувчи кўплаб омиллар, ёт ғоялар мавжуд. Ҳозир бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалбини эгаллаш учун қандай кескин кураш бораётгани, халқаро терроризм ва экстремизм бўладими, гиёҳвандлик ёки “оммавий маданият” кўринишлари бўладими, бу каби қабиҳликлар учун катта миқдорда маблағлар сарфланаётгани, ҳар хил таъсир йўллари ишлаб чиқилаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Бу каби таҳликалар таълим-тарбия муассасаларининг ота-оналар, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар жамоатчилиги, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Албатта, бу борада бажарилган ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Ишонамизки, сиз ўз ишингизга масъулият билан, виждонан ёндошиш орқали ёшлар онгини бузишга қаратилган бундай ҳаракатларга жавобан ҳар бир бола қалбида маънавий иммунитет шакллантира оласиз. Шубҳасиз, бунга имкониятингиз ҳам, куч-ғайратингиз ҳам етади.

Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!

Бугун мамлакатимизда мисли кўрилмаган бун­ёдкорликлар, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан бунёдкор халқимиз томонидан янгидан барпо этилган иншоотлар фойдаланишга топширилиши анъанага айланган. Яқиндагина истиқлолимизнинг 27 йиллигини кенг нишонладик. Шундай шукуҳли кунларда туманимизнинг “Кумушкон” маҳалласида 32-умумий ўрта таълим мактаби иш бошлаганлигини мамнуният билан айтиб ўтиш лозим.

Қисқа фурсатларда қарийб 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига 315 ўринли янги илм маскани барпо этилди ҳамда замонавий таълим жиҳозлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастури асосида 9-, 16-, 22-, 23-, 24-, 26- ва 29-умумий ўрта таълим мактабларимиз тўлиқ қайта таъмирланди.

Бу каби хайрли ишлар келгуси йил ҳам давом этади.

Муҳтарам устозлар!

Дунёдаги энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Шарафли касбингиз ортидан ҳамиша шогирдлар ва эл-юрт ардоғида бўлинг!

Байрамингиз муборак бўлсин!

27.09.2018