2123 октябрь куни Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилиб, унда 47 нафар номзод орасидан республика босқичида иштирок этадиган 5 нафар ғолиб аниқланди.

Таъкидлаб ўтиш лозим,  юртимизда анъанавий тарз­да ишбилармон тадбиркорлар ва фермерлар ўртасида ўтказилиб келинаётган мазкур кўрик-танловда қатнашиш истагида бўлганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, вилоятимизда сентябрь ойи давомида бўлиб ўтган қуйи босқичларда 500 нафарга яқин номзод иштирок этди.

Кенг аҳоли қатлами вакиллари қатнашган вилоят босқичида дастлаб иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар кўргазмаси намойиш этилди. Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни танлаб олишда корхоналар фаолиятининг самарали йўлга қўйилгани, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, маҳсулотлар ва хизматларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратишди.

Якуний хулосаларга кўра “Энг яхши тадбиркор” номинациясининг саноат йўналишига Қизилтепа туманидаги “Тошработ текстил” МЧЖ раҳбари Феруз Муродов муносиб кўрилган бўлса, хизмат кўрсатиш йўналишида “Қизилқум бахт барака” МЧЖ­га тегишли Навоий шаҳридаги “Grand Ho­tel” меҳмонхонаси раҳбари Илҳом Насриддинов фаолиятига юқори баҳо берилди. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги “Наргис диёр” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Раҳмонов “Йилнинг энг яхши фермери”, деб топилди. “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси нуроталик каштачи Гулмеҳра Исломовага насиб этди.

Эътирофлиси, туманимизда фаолият юритаётган “Экспорт продукт пласт” МЧЖ раҳбари Одил Саидов “Йилнинг энг ёш тадбиркори” сифатида кўриктанловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланувчи корхонамиз 2015 йилда ташкил топган, — дейди О. Саидов. — Бугунги кунда МЧЖ­да 7 нафар ишчиходим меҳнат қилмоқда. Жорий йилда Ҳазора қишлоғидан 60 гектар ер олиб, ушбу майдонда соя, қизил қалампир ҳамда кунгабоқар каби маҳсулотларни етиштирдик. Бундан ташқари, Талқоқ маҳалласи ҳудудида сунъий ҳовуз барпо этиб, бу ерда балиқ­чилик билан шуғулланаяпмиз. Келгусида маҳсулотларимизни экспортга йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Ғолибларга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгашининг қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

Сирож АСЛОНОВ.

26.10.2018