1 га АнорТуманимиздаги “Осиё” тантаналар уйида ишбилармон аёллар “Анор-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда фермерлик, ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишларида шаҳар-туман босқичларида ғолиб бўлган 15 нафар қатнашчи иштирок этди.
Дастлаб, тадбирга ташриф буюрганлар ишбилармон аёлларнинг фаолияти бўйича тайёрланган кўргазмалар билан танишишди. Ғолибларни саралашда амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқаришга қаратилган эътибор, иш ўринлари яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилди. Натижаларга кўра, туманимиздаги "Маҳлиё Кармана гўзали" фермер хўжалиги раҳбари Сайёра Шомуродова, Навоий шаҳридаги миллий қўғирчоқлар бўйича ҳунарманд Латофат Ҳусанова ва чеварчилик, дизайнерлик бўйича якка тартибдаги тадбиркор Ифора Муродовалар энг юқори ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмаларни қўлга киритишди.
— 15 йилдан бери балиқчилик билан шуғулланаман, — дейди С.Шомуродова.— Балиқ чавоқлари бўйича таъминотчилик ҳам фаолиятимнинг асосий тури ҳисобланади. Яқинда кредит олиб, балиқ маҳсулотлари пишириб сотадиган тамаддихона очиш ва 7 гектар майдонда янги балиқхона ташкил қилиб, фаолиятимни кенгайтириш ниятидаман. Ҳозирда фермер хўжалигимда 30 нафар киши доимий иш билан банд бўлса, кейин яна 5 та қўшимча иш ўрни яратилади. Беллашув соҳамга бўлган қизиқишимни янада оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, танловда фаол иштирок этган хатирчилик М. Йўлдошева ва С. Ўринова, навбаҳорлик Н. Жафақова ҳамда конимехлик Ж.Жакиновалар "Энг фаол тадбиркор аёл" номинациялари бўйича махсус сертификатларга эга бўлишди.

"КАРМАНА ОВОЗИ"
газетасидан олинди.
16.08.2019 й