ЖасоратИнсон қачон бахтли бўлади? Қачонки атрофдаги кишиларнинг меҳри ва эътиборини ҳис қилсагина ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Инсоний қадр, шаън ва ғурур улуғланаётган бугунги жамиятимизда ана шу юксак мезонлар асл қадрият сифатида янада сайқал топаётгани кишини хушнуд этади.
Хабарингиз бор, энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига эга бўлди. Шулар қатор мен ҳам Президентимиз томонидан “Жасорат” медали билан тақдирландим. Бу эътироф нафақат мени, балки бутун оиламни, қолаверса мен билан елкама елка ишлаётган оддий инсонлар – ҳунармандларнинг ҳам кўнглини тоғдек кўтарди.
Ҳаёт – кишини курашга чорлайди. 17-18 ёшларимда болалик беғуборликлари аста чекиниб тирикчилик ташвишлари гарданимга тушаётган маҳал, туғма жисмоний имкониятим чекланганлиги учун ўзимни жамиятдан четга сурмай, бирор касб эгаси бўлишга қарор қилдим. Ўзим ҳавас қилган уста заргарга шогирд тушиб, бир неча йил давомида шу соҳани чуқур ўргандим. Ўша даврлардан буён, мана 15 йилдан ошибдики, халққа хизмат қилиб келаяпман.
“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси сифатида уюшманинг туман бўлими кўмаги билан фаолиятим давомида бир неча бор “Ташаббус” кўрик танловларида қатнашиб, вилоят миқёсида ғолиб бўлганман. Республика миқёсида ва қолаверса вилоятимизда ташкил этилаётган ҳунармандчилик кўргазмалирда қатнашиб келмоқдаман. Шогирдлар етиштираяпман. Олдинда режаларим кўп. Бугунги кунда Навоий шаҳридаги марказий деҳқон бозорида якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаётган бўлсам, келгусида фаолиятимни кенгайтирмоқчиман. Заргарликка қизиқувчи ёшлар учун мазкур соҳа сирларини ўргатиш ва бошқа қулай шарт-шаротиларга эга хизмат кўрсатувчи бино ташкил этиш ниятим бор.
Менинг юрт тараққиёти йўлида баҳолиқудрат амалга ошираётган ушбу саъй-ҳаракатимни юксак қадрлаб, эътироф этган давлатимиз раҳбарига, қолаверса туман ва вилоят ҳокимига чуқур миннатдорчилик билдираман. Бу ишонч, эътибор мени ҳамиша янги марраларга чорлайди.


Зохиджон АДИЛОВ,
“Жасорат” медали соҳиби.
20.09.2019й