2020 й амалгаАссалому - алайкум ҳурматли йиғилиш қатнашчилари, Аввало барчаларингизни кириб келган 2020 йил билан туман ҳокимлиги ва туман фуқаролари номидан муборакбод этаман. Янги йил юртимизга қут-барака олиб келсин, халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлсин. Тинчилигимизга кўз тегмасин. Ҳаммаларингизга оилавий бахт, фарзандлар камолини кўриб юриш насиб этсин.
Ҳурматли фаоллар, хабарларингиз бор, 2019 йил якунида, 28 декабр куни Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташриф буюриб, вилоятимиз ва туманимизда охирги 2-3 йил ичида бўлаётган ўзгаришлар билан танишиб, бир қатор топшириқ ва кўрсатмалар бердилар.
Шу билан бирга, Муҳтарам Юртбошимиз 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилдилар ва 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб бердилар.


Шунингдек, вилоятимиз ҳокими томонидан 2020 йил 3 январь куни вилоят фаоллари, сектор раҳбарлари ва барча даражадаги раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, Давлатимиз Раҳбари томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни соҳалар ва йўналишлар кесимида таҳлил қилиб, келгусида амалга ошириладиган ишларимизни аниқ ва равшан қилиб белгилаб бердилар.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Муҳатарам Юртбошимиз томонидан Мамлакатимизда барча соҳаларда дадил ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилиш, ҳудудларнинг имкониятларини тўла юзага чиқариб, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётганлиги, ташаббус ва таклифлар қўллаб-қувватланиб, молиявий, ташкилий жиҳатлари ҳал қилиб берилаётганлигининг натижаси ҳар бир жабҳада сезиляпти.
Давлатимиз раҳбари айтганларидек, шу ерда ўтирган мен бошчилигимдаги командаларинг қандай муваффақиятли, унумли, ҳозирги замонга мос қилиб, ишласакгина, ўшанда натижа бўлади.
Муҳтарам Юртбошимиз бугун эришилган натижалар ҳали марра эмаслиги, олдимизда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун 2020 йил биз раҳбарлар учун синов йили бўлишини таъкидладилар.
Шу нуқтаи назардан, барча тоифадаги раҳбарлар ўзига юклатилган вазифаларни қайтадан кўриб чиқиши, халқнинг ичига кириб бориши, уларнинг талаб истакларини тушуниб етиши ва шу асосда ишларни йўлга қўйиш шарт деб ўйлайман.
Ҳурматли фаоллар,
Бу ерда иштирок этаётган барчамиз – туманнинг энг илғор, халқнинг келажаги ва яшаш шароитлари учун маъсул бўлган раҳбарлар ҳисобланамиз.
Барча мутасаддиларга мурожаат қилмоқчиман, бугундан бошлаб ҳаммамиз садоқат билан хизмат қилишимиз шарт бўлади, агар бу масъулият кимнингдир қўлидан келмаса, бугуннинг ўзида хайрлашсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Чунки, Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўғаноқ бўлган ҳеч бир раҳбар кечирилмайди.
Мана яқинда сайловлар ўтказилиб, Халқ депутатлари туман, вилоят Кенгашлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палаталари депутатларимизни сайлаб олдик. Яқинда, яъни 5 январь куни қайта сайловлар ўтказилганидан сўнг, парламент ва вилоят Кенгаши тўлиқ шаклланади.
Бу йилги сайлов олдингиларидан тубдан фарқ қилди, сайлов кодекси қабул қилинди, дунёдаги кўплаб халқаро кузатувчилар бевосита жараёнларни кузатиб боришди ва ўз баҳоларини беришди. Давлатимиз Раҳбарининг топшириқлари билан депутатликка номзодларимизни эркин ва самарали фаолият олиб боришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилди, зарурий маблағлар ажратилди.
Бугун йиғилишимизга ҳурматли депутатларимизни ҳам таклиф қилганмиз. Энди, бу сайланган депутатларимиз олдингиларидан кескин фарқ қилишлари керак, буни Кенгаш раиси сифатида айтмоқчиман. Чунки, сайлов жараёнларида бўлган халқнинг талабини, блоггер ва кузатувчиларнинг саволларини, ҳатто партиялар ўртасида бўлиб ўтган дебатларда ҳам барчамиз гувоҳи бўлдик, кескин-кескин саволлар бўлди.
Мен ўйлайманки, булардан барчамиз қаттиқ хулоса қилиб, депутатман деган ҳар бир фаолимиздан жуда катта фидоийлик талаб этилади, буни мен эмас халқнинг ўзи талаб қилмоқда. Шуни чуқур англамоғимиз ва вужудимизга сингдириб, сидқидилдан меҳнат қилсак, буни халқимиз ҳам, раҳбарият ҳам албатта эътироф этади...
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари,
Рухсатларингиз билан, олдимизда турган энг муҳим жиҳатларга, устувор вазифаларга комплекслар кесимида тўхталиб ўтсам.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш, нарх-навони шакллантиришни тўлиқ бозор муносабатларига ўтказиш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш бўйича кўрсатмалар бериш, истеъмол товарлари, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва харажатларни камайтириш орқали нарх-навонинг кескин ошишига йўл қўймаслик керак.
Бунда, биринчи навбатда, иқтисодиётни кўтариш, ривожлантириш масаласи, тадбиркорликка кенг имкониятлар бериш, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш зарур.
Бу бўйича ишлаб чиқилаётган мақсадли дастурларимиздаги лойиҳалар сонини икки баробарга кўпайтириш зурур.
Аввало туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичларини янада оширишиш талаб этилади.
Бунда, жорий йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 15,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 4,5 фоизга, хизматлар ҳажми 5,6 фоизга, пудрат ишлари 25,0 фоизга ўсишини таъминлаш зарур.
Кичик бизнесни ривожлантириш бўйича Навоий вилояти алоҳида назоратга олинган бўлиб, ўтган йилнинг ўзида туманда 949 та кичик бизнес субъектлари янгидан рўйхатдан ўтиб, бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 4,1 баробарни ташкил этди. Яна бир энг катта қилинган ишларимиздан бири 190 та фаолият кўрсатмаяётган субъектлар фаолияти қайта тикланди, уларга 5,9 млрд сўмлик кредит маблағлари, зарурий ер майдонлари ва бўш бинолар билан таъминланди.
Жорий йилда эса мазкур ишлар давом эттирилиб, ташкил этилаётган субъектларни номигагина очиб қўймасдан, уларни тўла қувват билан ишлатишимиз, уларнинг яшовчанлигини узайтириш бўйича жиддий шуғулланишимиз шарт бўлади. Сабаби, субъект бугун номига очиб, эртага ёпилиб кетмаслиги керак, улар туман иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Чунки, аксарият кўрсаткичларимизнинг (қишлоқ хўжалиги, чакана савдо, қурилиш ишлари, саноат, хизмат кўрсатиш ва ҳ.к.) асосини улар ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланишимиз талаб этилади.
Яна бир жиҳат шуки, Тадбиркорлар масаласи бўйича Бош вазир қабухонасига келиб тушаётган мурожаатлар сони 2019 йил мобайнида 174 тани ташкил этиб, улар асосан кредит маблағлари (40,8%), ер ажратиш (19,5%) каби масалаларга тўғри келади. Бу дегани, тадбиркорликни ривожлантиришда айнан шу йўналишларда ҳали олдимизда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Ҳурматли фаоллар,
Бандлик дастури ижроси ҳам энг муҳим йўналишларимиздан бири ҳисобланади. 2019 йилда 2584 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, режа
108,9 фоизга бажарилган бўлсада, бу кўрсаткич Биз учун етарли эмас. Сабаби, қанчадан-қанча ишсиз фуқароларимиз, ёшларимиз, хотин-қизларимиз ишсиз юрибди. Уларни иш билан таъминлаш биринчи даражали вазифаларимиздан бири бўлиши керак. Шунинг учун, 2020 йилда иш ўринлари ташкил этиш бўйича фақат статист бўлиш эмас, балки ҳаққонийлик таъминланиши керак.
Айниқса, иш ўринларини легаллаштириш, яъни қонунийлаштириш бўйича алоҳида иш олиб боришимиз керак. Биргина мисол, тумандаги мавжуд иссиқхоналарда ўртача 2,0 мингдан зиёд одамларимиз меҳнат қилишаяпти. Хўш, уларнинг қанчасига меҳнат дафтарчаси очилган, қанчаси солиқ ёки Пенсия бадали тўлаяпти, улар ҳам келажакда пенсия олишни хоҳлайди. Шу муносабат билан, алоҳида график қилиб, ишларни ташкиллаштириш талаб этилади.
Муҳтарам юртбошимиз томонларидан мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, жумладан, солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, ахборот технолоргияларини кенг қўллаш ва инсон омилини максимал қисқартириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқ асосида янги солиқ кодексидаги янги нормаларни қисқа муддатларда солиқ тўловчиларга батафсил тушунтириш бўйича тизимли тадбирлаирни ташкил этиш лозим. Бунда туман давлат солиқ инспекциясига алоҳида масъулият юклатилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда 499,3 млрд сўмлик контингент тўловлари ҳамда 41,3 млрд сўмлик маҳаллий бюджетга тушумларни амалга оширишимиз керак.
Бунинг учун даромад манбааларини кўпайтиришимиз, ноқонуний фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларни аниқлаб, уларни легаллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишимиз керак.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари,
Ташқи савдо ва инвестиция комплексидаги ишларни самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ва хорижий кредитларни самарали ишлатириш ва уларни натижа берадиган лойиҳаларга йўналтириш, инвесторлар билан манзилли ишлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, хорижий ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиб, аниқ натижаларни таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йилда умумий қиймати 1502,5 млрд сўмлик 79 та лойиҳалар шакллантирилган бўлиб, улар ҳисобига 1808 та янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Бу лойиҳаларни янада кўпайтириш зарур. Яъни юқорида айтилганидек, лойиҳалар сонини 2 баробарга ошириб, асосий эътиборни туман марказига эмас, қишлоқларга қаратиш лозим. Шу билан бирга, ҳудудларда бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш тизимини қайтадан кўриб чиқиш керак.
Давлатимиз раҳбари томонидан банк тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш, қулай ва сифатли банк хизматларини кенгайтириш ҳам алоҳида таъкидланди.
Туманда кўзланган мақсадларимизга эришиш учун, тижорат банкларининг кредитлари муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ, банкларимизнинг ҳозирда туман иқтисодиётида тутган ўрнини қониқарли деб бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир тижорат банки, уч кун муддатда камида 10 тадан саноат йўналишида янги лойиҳаларни шакллантиришлари, уларни тармоқ жадвали (Сетевой график) ишлаб чиқиб, Инвестиция бўлими билан биргаликда лойиҳаларни шакллантиришлари талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган энг муҳим вазифалардан бири экспорт масаласига эътиборларингизни қаратмоқчиман. Ўтган йилда туманда 6,7 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, бу кўрсаткич кейинги икки йилда 2 баробарга ортган бўлсада, 2019 йил учун белгиланган прогноз-топшириқ 1090 минг долларга ёки 14 фоизга уддаланмади.
Жорий йилда, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра туманда 60,0 млн долларлик экспорт амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бунинг учун ишни бугунданоқ бошлаб, ҳар бир экспортёр билан индивиуал иш олиб боришимиз керак.
Биргина мисол, туманда 300 гектарга яқин иссиқхоналар мавжуд бўлсада, жорий мавсумда (октябр ойидан буён) бугунга қадар бирорта ҳам иссиқхона бир центлик ҳам экпорт қилгани йўқ, ваҳоланки ҳар куни катта-катта машиналарда маҳсулотларимиз бошқа вилоятлар орқали четга чиқиб кетаяпти.
Айнан экспортни кўпайтириш мақсадида, кўплаб қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Лекин улар бугунги кунда тўлиқ ишлаяптими, қанча маҳсулот экспортга чиқарилди ёки ишламасдан турибдими, уларни бирма-бир таҳлил қилиш керак.
Шунингдек 118,8 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, жорий 2020 йилда 15 тадан ортиқ қўшма корхонларни ташкил этиш бўйича ҳам ишларни жонлантириш керак бўлади.
Туман иқтисодиёт ва саноат бўлими туманнинг ривожланиш стратегиясини белгилаши ҳамда иқтисодиётнинг ҳар бир йўналишини белгилаш аслида Сиз орқали амалга оширилиши керак. Инвестиция бўладими, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари бўладими, уларни таҳлил қилиб, қишлоқ жойларга тақсимлашингиз талаб этилади.
Кейинги йилларда ишлаб чиқариш ҳажмининг, ўсиш суръатини 50 фоизга ошириш орқали янги иш ўринлари ташкил этишнинг мақсадли параметрлари 30 фоизга кўпайтириш бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Бобомуродов раҳбарлигидаги мутасаддилар бир ҳафта муддатда аниқ ва мақсадли таклифларни ишлаб чиқиб туман ҳокимига киритиши талаб этилади.
Туман бозоридаги нарх навонинг барқарорлигини сақлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш муҳим омил саналади.
Мазкур соҳани ривожлантиришда биринчи ўринда пахта ва ғалла хом ашёси етиштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади.
2020 йилда пахта етиштириш режаси ўтган йилга нисбатан 1,1 минг тонннага оширилиб, 17340 тонна қилиб белгиланди.
2020 йилда ўтган режаларни қайтадан таҳлил қилиб, 2019 йилги қолоқликдан хулоса чиқариш, ўтган йилда йўл қўйилган камчиликларни муҳокама қилиб олиш лозим.
Давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган энг асосий эътибор, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш орқали чекланган сув ва электр энергиясидан самарали фойдаланган ҳолда юқори ҳосилдорлик олишга қаратилган вазифалар берилди.
Туманда 2020-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича бугунги кунда қиймати 125,9 млрд сўмлик 34 та лойиҳалар шакллантирилган.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш бўйича талаб этиладиган ер майдонларини ажратиш ва лойиҳа ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказиш, лойиҳаларни ишга тушуриш бўйича зарурий чораларни кўриш ҳамда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш лозим.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳага бўлган эътибор йилдан йилга ривожланиб бормоқда.
Жумладан, Таълим тизимининг пойдевори бўлган мактабгача таълим соҳаси бўйича қурилиш-реконструкция ишларига 2019 йилда туманда
10 баробар кўп маблағ ажратилиши натижасида, мактабгача таълим муассасаларининг сони 3 баробар ортиб, боғча ёшидаги болаларнинг қамров даражаси 2019 йил бошидаги 33,8 фоиздан 67,7 фоизга етди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини оладиган бўлсак, жуда соҳада катта ишлар амалга оширилди, Туманда ҳам 2019 йилнинг ўзида 5 та соғлиқни сақлаш объектларида 9,0 млрд сўмлик қурилиш - реконструкция ишлари олиб борилди. Уларнинг моддий техника базаси тубдан яхшиланди, замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.
Хусусан, 3 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 1 та тез тиббий шахобча ва 20 ўринли юқумли касалликлар бўлими ҳамда тиббиёт бирлашмаси ёрдамчи бинолари шулар жумласидандир.
Олдимизда турган яна бир муҳим масала, ёшларни қўллаб қувватлаш масаласи саналади.
Барчангизнинг хабарингиз бор, 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳтарам Юртбошимиз томонидан мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ҳар бир ҳоким, сектор раҳбари ва оддий раҳбаргача ёшлар қабулларини ташкил этасизлар, жойлардаги учрашувларнинг камида 70 фоизи фақат ёшлар билан бўлади. Учрашувларда ишсиз ёшлар, ажрим ёқасида бўлган оилалар иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Туманда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш ҳам устувор вазифа саналади.
Қайси спорт турлари бўйича бизда тренер ва мураббийлар етарли, қайси спорт турлари бўйича олий маълумотли тренерларга эҳтиёж бор, аёл тренерлар қанча? Қанча эҳтиёж бор, бу борада келгусида нима ишлар қилишимиз керак бу саволлар очиқ.
Худди шу каби, маданият соҳасида ҳам қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Туман маданият ходимлари ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлишларни туман аҳолиси кутмоқда десак, муболаға бўлмайди.
Яна бир муҳим соҳа, Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, соҳада хизмат кўрсатишни яхшилаш, туризм жозибадорлигини ошириш ва мамлакатимизнинг ҳар бир соҳадаги имиджини янада кўтариш Давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
2019 йилда вилоятимизга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган.
Бироқ, бу борада ҳам имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Бизнинг туманимиздаги тарихий обидалар, сўлим гўшалар, муқаддас қадамжоларни тарғиб қилмасак, кенг жамоатчиликка танитмасак қандай қилиб биз сайёҳларни жалб қила оламиз?..
Ҳурматли фаоллар,
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш олдимизда турган муҳим вазифалардан саналади.
Бу борада нодавлат ташкилотларнинг ҳам масъулиятини ошириш вақти келди деб ўйлайман.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари
2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2736-III/ҚҚ-592-III-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган. 2020 йил 1 январдан кучга кирган Низомга кўра эндиликда оилавий тадбирлар белгиланган қатъий талаблар асосида ўтиши лозим.
Ички ишлар органлари профилактика инспектори, депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғини билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.
Туман раҳбари сифатида Сизлардан туманда мавжуд имкониятдан фойдаланиб, Ватаним деб, қарияларимизни эъзозлаб, ёшларимизни қўллаб-қувватлаб меҳнат қилишни талаб қиламан.
2020 йил олдимизга турган вазифаларни бажаришда ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб ишласак, белгиланган марраларга албатта эришамиз.
Эътиборларингиз учун раҳмат.

 

Туман ҳокимлиги
ахборот хизмати
04.01.2020 йил