9.2020.1ЗАФАР МУБОРАК, КАРМАНАЛИК ПАХТАКОРЛАР!


Кармана тумани ҳокими Ф.С.Умаровнинг туман пахтакорларига
ТАБРИГИ


Қадрли карманалик фермерлар, миришкор деҳқонлар!

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ноқулай тупроқ ва иқлим шароитига эга бўлган Кармана тумани далаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, пахта етиштиришнинг ўзига хос машаққати, заҳматли меҳнати борлигини яхши биламиз. Аммо Сиздек тажрибали пахтакорларимиз томонидан омилкорлик билан йўлга қўйилган ишлар ҳамда олиб борилган сифатли агротехник тадбирлар туфайли кўзланган марра забт этилди. Туман миқёсидаги 5,4 минг гектар майдондан 17 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли оқ олтин хирмони яратилиб, пахтакор-деҳқонларимизнинг юзи ёруғ бўлди. Карманалик пахтакорлар жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини 100,3 фоизга бажаришди. Ҳосилдорлик ҳар гектардан ўртача 32,3 центнерни ташкил этди.


Мавжуд 5440 гектар майдонга ғўзанинг серҳосил, иқлимга мос навлари экилиши ва агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишида бир қатор ташкилотларнинг, шу жумладан, “Агросервис МТП” МЧЖ ҳамда “Бахт текстиль” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бўлди.
Туман пахта хирмонининг юксалишида “Хазора Боғиобод”, “Олим Рахмон”, “Аслиддин Асадбек келажаги”, “Бахром Ризо”, “Ферузабону Навоий”, “Фирдавсбек Маржона”, “Ҳасан Тилло”, “Кармана Сардор келажаги” “Камол Асадов”, “Ёшлик агоро кластер 2020”, “Кармана Азиз истиқболи”, “Подкрон”, “Қурбон Мерган”, “Нормурод Қаххор”, “Янги Назар Кармана” каби фермер хўжаликлари илғорлар сафида бўлишди.
Заҳматли меҳнат ва эзгу мақсадлар эвазига етиштирилган оқ олтинни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан сифатли териб олинишида тумандаги фермер хўжаликлари ишчи ходимлари ва маҳаллардаги уюшмаган аҳолининг кўнгилли теримчилари фаоллик кўрсатишди. Юртимиз бойлиги, халқимиз ризқи-рўзи бўлмиш оқ олтинни териб олинишига муносиб ҳисса қўшган туманимиз моҳир қўлли теримчиларига қарийб 17 миллиард сўм пахта пуллари берилди. Бу эса йиғим-теримда қатнашган доимий меҳнат билан банд бўлмаган ҳар бир теримчининг каттагина моддий манфаатдорлик кўргани ва оиласи бюджетига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшганини кўрсатади. Бундан ташқари ҳар бир сектор ҳудудида 100-150 килограммгача пахта терган кўплаб моҳир теримчилар ҳокимлик ва ҳамкор ташкилотлар томонидан мавсум давомида қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб борилди.
Туманимизда фермер хўжаликлари томонидан далаларда мўл ҳосил етиштирилганлиги, ҳудудларда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ташкил этилганлиги, теримчиларга терилган пахта пулларининг ўз вақтида бериб борилганлиги ва илғорлар муносиб рағбатлантирилганлиги эришган ютуғимизнинг асосий омили бўлди десам адашмайман.
Азиз тумандошлар!
Туманимиз пахтакорларини, заҳматкаш бободеҳқонларимизни ҳамда барча фермерларимизни улкан меҳнат зафарлари билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга тўкин-сочинлик, фаолиятингизга эса улкан муваффақиятлар тилайман!

Туман ҳокимлиги борот хизмати 09.11.2020 йил