21 1Ватанпарвар ёшлар – буюк келажак бунёдкорлари

Умимий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш таълим даргоҳлари чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фан ўқитувчиларидан ўзига хос услуб ва маҳорат талаб қилади. Кармана туманида мазкур фан ўқитувчиларининг малакасини оширишга хизмат қиладиган семинарлар ташкил этилиб келинмоқда. Жумладан, бугун Кармана туман халқ таълими бўлимига қарашли 21-умумий ўрта таълим мактабида ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш туйғуларини ўзида мужассам этган “Ким ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида туман мудофаа ва халқ таълими бўлимлари ҳамкорлигида семинар бўлиб ўтди. Семинарда тумандаги 31 та таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари иштирок этишди.

Семинарда ёшларни ҳарбий хизматга тайёргарлигини яхшилаш борасида 21- умумий ўрта таълим мактабининг чақирувга қадар бўлган тайёргарлик фани ўқитувчиси А.Ҳамидовнинг иш тажрибаси ўрганилди. Жумладан, ўқитувчи томонидан намунали дарс ва тўгарак машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида тузилган ватанпарвар гуруҳи томонидан саф тайёргарлик машғулотлари ҳамда спортнинг таэквондо ва қўл жанги бўйича чиқишлар намойиш этилди. Кўргазмали чиқишлар намойишини бевосита Навоий вилоят ҳокими, Кармана тумани ҳокими ва вилоятнинг бир қатор ташкилотлари раҳбарлари кузатишди. Шунингдек, меҳмонлар мактабдаги буюк саркардаларимиз Амур Темур ва Жалолиддин Мангуберди жасоратларини ўзида акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилган ўқув хоналарини ҳам кўздан кечиришди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 15.02.2021 йил