67Янги тикувчилик корхонаси фойдаланишга топширилди

Янгиланиш яшариш айёми – Наврўз умумхалқ байрами арафасида Кармана туманида бир қанча ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилди. Жумладан, бугун “Жалойир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бахт жалойир” тикувчилик корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Кармана туман ҳокими Ф.Умаров ўз кириш сўзида янги корхонада ишлаб чиқариладиган сифатли махсулотлар нафақат ички бозорда, балки жахон бозорида ҳам харидоргир бўлишини, Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда мана шу замонавий корхонани ташкил этган ишбилармонлармиз қисқа муддатларда ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтиришларига ишонч билдирди.

69

“Бахт жалойир” тикувчилик корхонаси ишга туширилиши натижасида 400 нафар ишсиз фуқаролар, жумладан, хотин-қизлар иш билан таъминланди. Эндиликда улар ўз меҳнатлари билан оилалари моддий фаровонлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш имкониятларига эга бўлишди. Келажакда корхона ўз маҳсулотлари билан мамлакат ва жаҳон бозорида ўз ўринларини топишлари билан фаолиятларини янада кенгайтириш, пировардида янги иш ўринларини яратиш борасида ҳам кенг имкониятларга эга эканлиги туман ҳокими томонидан таъкидлаб ўтилди. Маросимда сўз олган маҳалладаги нуроний отахонлар ва табаррук онахонларларнинг дуоларида эса бугунги фаровон ҳаётдан шукуроналик туйғулари яққол сезилиб турди.

68

Тантанали тадбирда ўзларининг дилрабо куй-қўшиқлари, жозибали рақслари билан иштирок этган туман маданият бўлими хонанда ва раққосаларининг чиқишлари тадбирга ҳақиқий Наврўз айёми шукуҳини бахшида этди. Айниқса, тикувчилик корхонасининг атлас, адрас каби миллий либослар кийган чевар тикувчилари томонидан ижро этилган лапарлар йиғилганлар қалбига ўзгача хурсандчилик бағишлади.

70
Тадбир муносабати билан ёзилган байрам дастурхонига Наврўзи олам айёмининг шоҳ таомларидан сумалак, халиса, кўксомсалар тортилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
17.03.2021 йил