12 105Жорий йилнинг 1 апрелидан қонун хужжатларида қандай ўзгаришлар бўлади...

Жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб бир қатор қонун хужжатларида ўзгаришлар бўлиши юзасидан Кармана тумани адлия бўлими бошлиғи А.Ахмедов тушунтириш берди, хусусан:
1. Нодавлат ташкилотларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.

2. «Зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
Президент қарорига биноан от спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган «зоотехник», «ветеринар-шифокор», «фельдшер-ветеринар», «уста-чавандоз», «от парваришловчи», «тақачи» мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.

3. Бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортиш бошланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги 660-сонли Қонунига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-7-модда билан тўлдирилиб, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиб, ушбу модда 2021 йил 1 апрелдан кучга кириши назарда тутилган.

4. Кам таъминланган оилалар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланади.
Ҳукумат қарорига асосан Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2021 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилади.
Ушбу низомда қуйидагилар назарда тутилган:
• ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш шартлари;
• ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш ҳамда уларни тўлаш тартиби;
• ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам учун тўловларни молиялаштириш тартиби.

5. Хорижий мамлакатлардан маҳсулот олиб кирган транспорт воситаларининг юкхоналари карантин назоратидан ўтказилади.
Президент қарорига кўра, республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юкхоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор — хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

6. Раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади.
«Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига асосан ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.

7. Олий ва биринчи навли буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирдагина республика ҳудудида сотишга рухсат этилади.
«Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» президент қарорига биноан биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.

8. Ер майдонларини плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади.
Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудуд ихтисослигидан келиб чиқиб, туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит ҳолда 300 гектаргача ер майдонларида плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилади.

9. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади.
Президент қарорига асосан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади.
Бунда, почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.

10. Маҳаллий экспортчилар қилган айрим чет элдаги харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилади.
Маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50 фоизи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

11. «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича 2021 йилда 100 нафар ёшларнинг хорижга таълим олиш учун юборилиши бошланади.
Президент фармони билан Республикада талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда тайёрлаш мақсадида:
• «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 бараварга оширилади;
• «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан хорижда бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқитиш тизими жорий этилиб, 2021 йилда 100 нафар ёшлар хорижга таълим олиш учун юборилади;
• «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича номзодларни саралашни очиқ стипендия танлови асосида республиканинг барча фуқаролари учун уларнинг республикадаги иш ва ўқиш жойидан қатъи назар мунтазам равишда ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
• бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш дастурлари учун стипендия танловини нуфузли хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасадан ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифнома асосида ўтказиш тартиби йўлга қўйилади.

12. Республика даражасидаги давлат ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш Президент Администрацияси билан келишилади.
Барча республика даражасидаги давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ижро интизомига масъул бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижро интизомини таъминлаш шуъбаси билан келишилади.

Кармана тумани адлия
бўлими бошлиғи А.Ахмедов