ПИЛЛАЧИЛИК: ИМТИЁЗЛАР, РЕЖАЛАР, АМАЛИЙ ИШЛАР

пилла

Пиллачилик юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан саналиши билан бирга, ипак ишлаб чиқариш ота-боболаримизнинг бой маданий мероси ҳамдир. Шу боис, мазкур қадриятни давом эттириш бугунги даврнинг муҳим масалаларидан саналади. 

Бироқ, яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, айни пайтда дунёда кимё саноатининг жадал ривожланиб, синтетик тола ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошаётгани жаҳон бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайишига ҳам олиб келди.

Шу боис, юртимизда ишлаб чиқарилаёган пиллачилик маҳсулотлари таннархини пасайтириш, бунга эса маҳаллий корхоналарни модернизация қилиш, мамлакатимизга ҳар йили олиб келинаётган 230-250 минг қути ипак қурти импортини сезиларли даражада камайтириш, ипак қуртининг озуқа базасини мустаҳкамлаш орқали эришиш мумкин.

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борадаги ишларни юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Эндиликда республикамиз ҳудудларида янги ташкил этилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси негизида “Агропилла” корхоналарининг йўлга қўйилаётганлиги пиллачилик тараққиётини таъминлайди.

Мазкур қарор асосида соҳа корхоналари 2023 йил 1 январгача ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилинди. Бундан ташқари, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши ҳам белгиланди. Бундай имтиёзлар, албатта, юртимизда пиллачиликни жадал ривожлантиришда муҳим омилга айланиб, кўзланган натижаларга эришилади.

Маълумки, ҳар йили апрель, май, июнь ойларида юртимизда пилла уруғини олиб келиш, пилла қурти боқиш ҳамда тайёр маҳсулотларни пиллачилик корхоналарига етказиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади. Айни пайтда вилоятимизда ҳам бу борада жадал ишлар амалга оширилмоқда.

– Ҳудудда жорий йилда 1005 тонна пилла етиштириш белгиланган, – дейди биз билан суҳбатда вилоят “Пилла” бирлашмаси раиси У. Нарзиев. – Ҳозирда 17700 қути уруғ пиллачилик корхоналарига етказилиб берилди. Мазкур уруғларнинг 14 минг қутиси Хитойдан келтирилган. Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида 1215 гектар тутзорлар мавжуд. Пиллачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари сони эса 1515 тани ташкил этади. Мавсумни самарали ўтказиш мақсадида кўплаб масъул таш­килотлар жараёнга жалб этилган. Вилоятимизда бугунги кунда 177 та инкубатория мавжуд бўлиб, улар орқали фермер хўжаликлари ҳамда қурт боқувчи звеноларга уруғ тарқатиш борасидаги ишлар бошлаб юборилган.

“Кармана пилла толаси” МЧЖ вилоятимиздаги йирик пиллачилик корхоналаридан бири саналади. Мазкур субъект томонидан жорий йилда 2305 қути уруғ тарқатилиб, 87 тонна саноатбоп, 44 тонна уруғлик, жами 131 тонна пилла етиштириш кўзда тутилган.

— Корхонамиз томонидан Кармана ҳамда Навбаҳор туманларидаги жами 667 та звенога уруғ тарқатилмоқда. “Элита” навли мазкур пилла уруғларининг 1 қутисидан ўртача 60 килограмм пилла олиш мумкин, – дейди йирик пиллачилик корхоналаридан яна бири бўлган “Навоий ипак қурти уруғи” ҳудудий жамияти раҳбари Ф. Эшонқулова.

Пилла уруғи тарқатаётган корхоналар, фермер хўжаликлари томонидан қурт боқувчи звеноларни моддий қўллаб қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар қути ипак қурти учун аванс тариқасида 1 қоп ун ва пул маблағлари ҳам берилмоқда.

Умуман олганда, юқоридаги қарордан келиб чиқадиган бўлсак, туманимизда ҳам пиллачиликни ривожлантириш борасида олдинда амалга ошириладиган ишлар талайгина. Мазкур тармоқнинг тараққиёти эса вилоятмизда бугунги замон талабларига тўла жавоб берадиган замонавий пиллачилик корхоналари кўпайиши, уларда пилла хомашёсидан тайёр маҳсулот етиштириш кўламлари кенгайиши билан бирга янги иш ўринлари яратилишида ҳам асос бўлади.

Озод МУСТАФОЕВ.

04.05.2017