4

Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташриф буюрганида даставвал туманимиздаги “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Аслида мазкур корхонага тамал тошини қўйишда ҳам Юртбошимизнинг ҳиссаси катта. У киши 2017 йил 28 мартда вилоятимизга қилган ташрифи чоғида мазкур паррандачилик фабрикасини ташкил этиш лойиҳаси билан танишган ва бу борада ўз кўрсатмаларини берган эди.

— Президентимизнинг лойиҳамиз билан танишиши ва ўз маслаҳатла­рини бериши бизга куч-қувват бағишлади, — дейди “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азиз Сувонов. — Ўз ҳисобимиздан 4 миллард сўм йўналтириб, жўжа парваришига мослаштирилган 4 та блокни қуриб битказгач, тижорат банкининг кредит маблағи эвазига Туркиядан технология олиб келдик. Айни пайтда Самарқанд вилоятидан бир кунлик жўжаларни келтириб, уч ойликкача парваришлаяпмиз. Юртбошимиз жорий йилдаги ташрифларини ҳам бизнинг паррандачилик фабрикамиздан бошлаб, “соҳада тизим яратилибди, энди бу ерда тухум етиштириш ва уни экспортга чиқаришни ҳам йўлга қўйиш лозим” дедилар.

Дарҳақиқат, Президентимиз билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашиш лойиҳа ташаббускорига янги ғоялар берди. 2019 йилда тадбиркор инкубация ва тухум етиштириш комплексларини ишга туширади. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, юз кишининг бандлиги таъминланади. Айни пайтда эса 90 кунда тухум йўналишидаги товуқларни етиштиришга мўлжалланган паррандачилик комплексида эллик киши меҳнат қилмоқда. Иш тўлиғича автоматик тарзда бошқариладиган корхонада ишчилар учун ҳамма шароитлар яратилган. Жумладан, ошхона, ювиниш ва дам олиш хоналари мавжуд. Ойлик маошларини ўз вақтида олаётган ишчиларга нонушта ва тушлик бепул берилмоқда.

— Асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаганмиз, — дейди корхона иш юритувчиси Ғолиб Содиқов. — Самарқанддан олиб келиниб, парваришланаётган жўжалар тухум бериш даврига етгач, банк кредитлари эвазига, яъни пул кўчириш йўли билан аҳолига, кўпроқ битирувчиларга сотишни режалаштирганмиз. Паррандаларимиз 3 ой давомида 13 марта эмланади, уларнинг самарадорлиги кафолатланган. Бундан ташқари, биз паррандалар билан бирга уларнинг катаклари ва озуқасини ҳам етказиб беришимиз мумкин. Буларнинг ҳаммасидан кўзланган мақсад ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, аҳоли турмуш шароити яхшиланишига ҳисса қўшишдан иборат.

— Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаганимга 15 йилдан ошди, — дея суҳбатимизни давом эттиради А. Сувонов. — Айни пайтда паррандачиликдан ташқари, боғдорчилик, меҳмонхона хизмати, уй-жой қурилиши ва иссиқхоначилик йўналишларини ҳам йўлга қўйганмиз. Жорий йилда Ҳазора қишлоғидаги 20 гектарлик узумзорда етиштириладиган ҳосилимизнинг 80 фоизини экспорт қилишни режалаштираяпмиз.

Азиз Сувонов 3 гектар майдонда иссиқхона ҳам барпо этган. Бу ерда 20 киши иш билан таъминланган бўлиб, ички ва ташқи бозорга помидор ва бодринг етиштириб берилмоқда.

Ёш тадбиркор Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони янги режаларга қанот бўлганини таъкидлайди. Чунки бу фармон Ўзбекистоннинг сахий қуёши тафтида тобланиб етилган мева-сабзавотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни бартараф этади. Маҳсулотни кластер тартибида сотганда тез ва ортиқча чиқимларсиз экспортга эришилади.

Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади. Юқоридаги фикр бу гапнинг нечоғлик ҳаётий эканлиги исботидир. Азиз Сувонов каби кўп тармоқли тадбиркорлик субъектларини ташкил этган ишбилармон юртдошларимиз эса том маънода замонамиз қаҳрамонидир.

Холбиби САФАРОВА.

24.04.2018