томарқаБутун дунё озиқ-овқат хавфсизлиги деган муаммога дуч келаётган бугунги кунда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш давр талабига айланиб улгурди. Серқуёш заминимизда томорқадан унумли фойдаланган ҳар бир хонадон аввало рўзғор учун зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзлари етиштирмоқда. Қолаверса, кўплаб оилалар ўз томорқасини қўшимча даромад манбаига айлантириб, яхшигина фойда кўришаяпти.
Туманимизда 28448 та хонадонда 1604 гектар томорқа ерлари мавжуд. Афсуски, уларнинг барчасидан унумли фойдаланилмаяпти. Агар ушбу томорқалардан самарали ва тўлиқ фойдаланишга эришилса, қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мумкинлигини ҳисоблаб кўраверинг.


Айниқса, томорқадан самарали фойдаланиш давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган, барча имкониятлар яратиб берилаётган, “Намунали томорқачи” кўкрак-нишони таъсис этилиб, бу борада яхши натижаларга эришганлар эътироф этилаётган бир пайтда “олма пиш – оғзимга туш” қабилидаги кайфиятда яшаш лоқайдликдан бошқа нарса эмас. Энг муҳими, ушбу йўналишда кўплаб қарорлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг барчаси томорқачиликни ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Жумладан, жорий йилнинг 30 январь куни ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан бир қатор вазифалар белгилаб берилганлиги аҳамиятлидир. Масалан, эндиликда ҳар бир деҳқон хўжалигида ва томорқа ер участкасида юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, моддий-техник ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш ташкил этилади. Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 2020 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида экиладиган баҳорги ва такрорий қишлоқ хўжалиги экинлари мавсум давомида ажратилган сув лимитлари доирасида ўз вақтида сув билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, туман секторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ, иқлим шароити, сув таъминоти инобатга олинган ҳолда “бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилади.
Қарорда ташқи бозор талаблари асосида маҳаллаларнинг экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш, “Томорқа хизмати” МЧЖларга маҳаллаларни бириктирган ҳолда улар томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида уруғлар, кўчатлар ва бошқа зарур моддий ресурсларни белгиланган тартибда етказиб бериш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” ҳамда бошқа ихтисослаштирилган касбга ўқитиш муассасаларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш вазифалари ҳам белгилаб қўйилди.
Ҳозирда мазкур қарор ижроси юзасидан туманимизда бир қатор саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. Буларнинг туб моҳиятидаги мақсадимиз эса, тумандошларимизнинг ўз томорқаларидан самарали фойдаланишларини ташкил этишга эришишдир.

Манба: "Karmana ovozi"
газетаси саҳифаларидан
 
14.02.2020 й