270920ПАХТА ДАЛАЛАРИДА ЙИҒИМ-ТЕРИМ АВЖИДА

 

Кармана тумани далаларида деҳқон-фермерларнинг баҳор ва ёз фаслида қилган заҳматли меҳнатининг маҳсули хирмонга борадиган кунлар келди. Машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган миллий бойлигимиз бўлган пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан териб олишга қаратилган йиғим-терим ишлари бошланиб кетди. Жорий йилда тумандаги 141 та фермер хўжаликлари томонидан 5440 гектардан ортиқ майдонга экилган ҳудуд иқлимига мос, серҳосил пахта навлари бугун оппоқ бўлиб очилди.

Туман пахтакорлари томонидан давлатга 16976 тонна оқ олтин топшириш белгиланган бўлиб, ҳозирда оппоқ тусга кирган пахтазорларда йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда.


Тумандаги “CUNY AGRO LAND” фермер хўжалигининг 80 гектардан иборат пахта даласида йиғим-терим ишлари авжида. Хўжалик раҳбари Обид Кенжаевнинг айтишича, жорий йилда туман хирмонига жами 232 тонна пахта топшириш режалаштирилган бўлиб, биринчи теримнинг ўзидан режанинг 75-80 фоизи бажарилмоқда. “Ғўзада очилмаган кўсаклар ҳали кўп бўлиб, кейинги теримларда режани ортиғи билан бажарамиз” дейди фермер катта ишонч билан.
Теримчиларнинг барчаси фермер хўжалиги ерлари жойлашган “Янгиобод” МФЙда яшовчи фуқаролар. Уларнинг кўпчилиги кунига 120-130 килограммдан пахта теришмоқда. Терилган ҳар бир килограмм пахта учун 1000 сўмдан берилиши ҳисобга олинса, ҳар бир теримчи кунига 120-130 минг сўм нақд пул олиб, оиласи бюджетини таъминлашга ҳисса қўшишмоқда.
Илғор теримчилардан Муборак Абидова, Зилола Маматова, Хуршида Жумаевалар кунига 150 килограммгача пахта теришмоқда.
Фермер хўжалигида теримчилар учун ҳар куни бепул тушлик ташкил этилиб, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун санъаткорлар ҳам таклиф этилмоқда. Ҳар беш кунликда илғор теримчиларга қимматбаҳо совғалар бериб борилиши ҳам режалаштирилган.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
28.09.2020 йил