14Бу йил ҳавонинг анча иссиқ келгани ҳар қандай деҳқонни шошириб қўйди. Катта ҳаётий тажрибага эга, фидойи ва миришкорлар бу вазиятдан “силлиқ” ўтиб, олдига қўйилган мажбуриятларини самарали бажаришди.
Туманимиз барча соҳаларда хусусан, қишлоқ хўжалигида ҳам пешқадам ҳудудлардан саналади. Бу йил сув ва муносиб табиат ҳамда деҳқончиликнинг “ҳадиси”ни олган миришкорларнинг самарали меҳнати ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам юқори ҳосил гарови бўлмоқда.
“Жалойир” қишлоғи нафақат Карманада, балки вилоятда ҳам томорқачи деҳқонлар юрти сифатида ном қозонган. Бу ерда она замин тафтида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари вилоят бозорларини тўлдирмоқда.
Шу ҳудудда туғилиб ўсган, айни пайтда 36 ёшни қаршилаган Лазиз Пармонов ҳам ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган ерни эъзозлаб кам бўлмаяпти. Соҳага бўлган қизиқиш Лазизни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти томон чорлади. У 2007 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, ўз тақдирини ер билан, қишлоқ хўжалиги билан боғлади.
Бундан 15 йи олдин тажрибали фермер амакиси Олим Фармоновга ёрдамчи тушиб, касб сирларини пухта ўрганди. Отаси Худойберди Фармоновнинг аграном бўлгани эса Лазизнинг соҳани чуқур идрок этишига туртки бўлди.
Соҳага бўлган қизиқиш ва ҳаётий тажриба натижасида Лазиз Пармонов 2015 йилда “Жалойир” қишлоғида “Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалигини ташки этди.Дастлаб хўжаликнинг умумий ер майдони 62 гектар бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ҳудуди 120 гектарни ташкил этмоқда. Экин майдонининг 58 гектарида ғалла, 55 гектарида пахта етиштирилмоқда.7 гектар майдонда эса чарбоғ ташкил этилган.
— Айни пайтда хўжалигимизда 30 та доимий ишчилар фаолият кўрсатмоқда. Мавсумий ишчилар эса 70 нафарни ташкил этади, — дейди хўжалик раҳбари Лазиз Пармонов. — Машаққатли меҳнатларимиз эвазига жамоамиз билан бирга пахта ва ғалладан юқори ҳосил кўтариб, эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлаяпти.
Техника - деҳқоннинг қаноти ҳисобланади. Етарлича техникасига эга хўжалик ҳеч қачон қоқилмайди. “Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалиги тасарруфида 2 та МТЗ чопиқ, 1 та МХ ҳайдов трактори ҳамда 4 та тиркама мавжуд. Бу техникаларни малакали мутахассислар бошқармоқда. Бу орқали иш самарадорлиги ошиб бораяпти.
— Эришилаётган ютуқларда 3 нафар механизатор, 12 нафар сувчимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Бугун хўжалигимиз илғор ишчи-ходимлари хусусида сўз юритар эканмиз, аввало иш бошқарувчи Эркин Ҳалилов, механизатор Равшан Ашуров, сувчилар Холиқ Кибриёев ҳамда Уйғун Сафоевлар меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз, — дейди Лазиз Пармонов. — Бу йил улар кўмагида ғалладан 60-65 центнердан ҳосил кўтардик. Натижада давлатга 215 тонна ўрнига 250 тонна буғдой топширдик.
Хўжаликнинг бундай салмоқли натижага эришиши осон кечмади. Аввало, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани ютуқлар гарови бўлди. Ғалла майдонининг ҳар гектарига 1 тонна 200 килограмдан азотли, 300 килограмдан фосфорли ўғит киритилди. Шунингдек, ҳар гектар майдон5 тоннадан шарбат усулида маҳаллий ўғит билан озиқлантирилди.Бугун фермернинг хирмони донга, дастурхони нонга тўлди.
Фермер хўжалиги жамоасининг фидокорона меҳнатлари эвазига ҳар йили 40-45 центнердан пахта ҳосили етиштирилмоқда. Айни пайтгача пахта далалари 12 маротаба култивация қилинди. Ғўза ораларига 1 тонна 100 килограммдан азотли, 320 килограмдан фосфорли ўғит киритилди. Шу кунларда пахта майдонларида иккинчи суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
— Бу йил баҳорда пахта майдонларимизга “Бухоро - 102” элита навиниэкдик. Шукурки қилинган меҳнат ва ерга бўлган илиқ муносабатимиз боис, айни пайтда ҳар бир ғўза навида 4-5 тадан кўсак бор. Баҳор серёғин келди. Шу сабабли, бу йил сувдан асло муаммо йўқ. Фақат кун исиб,бироз гармсел эсиб турибди. Аммо бу йил ҳам юқори ҳосилга эришиш учун барча имкониятларни ишга солганмиз, — дейди хўжалик раҳбари Лазиз Пармонов.
“Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжалик ҳисобланади. Айни пайтда аҳил жамоа етти хазинанинг бири саналган асаларичиликни ривожлантирмоқда. Хўжалик томонидан ўтган йили 5 та асалари оиласи парвариши йўлга қўйилган бўлса, бу йил улар сони 30 тага етказилди. Шунингдек, фермер хўжалигида 40 бош қорамол, 100 бош майда шохли мол ҳамда 100 та товуқ ҳам парвариш қилинмоқда.
— Бугунги замонавий фермер фақат ғалла ва пахтага қараб қолмаслиги керак. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларидан ҳам самарали фойдаланиш қўшимча даромад манбаи бўлади. Фермер бу орқали аввало, ўзини, ишчи-ходимлари иқтисодини мустаҳкамлаб, бозорларимиз тўкинлигини таъминлайди. Қолаверса, ғалладан бўшаган майдонларимизда пешма-пеш такрорий экин экиш ишларини амалга оширдик. Эрта кузда сабзи, шолғом, карам, мош ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёр бўлиб, ички бозорга йўналтирилади, — дейди Лазиз Пармонов.
Ерга меҳрини бериб, у билан тиллаша олган миришкордан она замин ҳам ўз саховатини аямайди. Зеро, доно халқимиз томонидан “ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган гап бежизга айтилмаган.

"КАРМАНА ОВОЗИ"
газетасидан олинди.
16.08.2019 й

фермер 3Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳамда чет ел тажрибасини ўрганган ҳолда ишларни тизимли ташкил етиш борасида аниқ чора–тадбирлар белгилаб олиниб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилган” фармонларига биноан юртимизда чуқур ислохотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасини кўплаб илғор фермер хўжаликларида кўришимиз мумкин. Бугунги кунда мамлакатимизда 5847 нафар ёш фермерлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, 1158 нафар фермерлар кўп тармоқли мақомига эгадирлар. Шулар жумласидан бизнинг Кармана туманимизда 136 та фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, 35 нафар фермер хўжалиги кўп тармоқли мақомига эгадир. Булар сафига “Лочин” фермер хўжалиги илғор ўринларни эгалламоқда. Хусусан бу илғор фермер хўжалигида 100 гектар ер майдони бўлиб, шундан 48,3 пахта, 51,7 гектар мавжуд. Кўп тармоқли йўналишлардан иссиқхона, чорвачилик ва асаларичиликлари билан юртимиз ривожига ўз хиссасини қўшиб келмоқда. Мазкур фермер хўжалиги 40 қути асалари боқиб аҳолини сифатли асал билан, 120 та йирик шохли ва 303 та майда шохли қорамол зотларини кўпайтириб чорвачилик ҳамда сут ва сут маҳсулотларини оширишни ривожлантирмоқда.

фермер 4

Яна бу фермер хўжалигида Корея техналогияларини қуллаган ҳолда қишки–бахорги мавсумга мослаштирилган 1 гектар ёпиқ грунт (иссиқхона) ташкил этилиб мамлакатимиз бозорини сабзавотга бўлган эхтиёжини қондириб келмоқда.

Туман ҳокимлиги
матбуот хизмати
09.08.2019 й

 

qishТуманимизда “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан кўргазма-ярмарка ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 майдаги “Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбирда “Тошкент агрегат заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникаси заводи” акциядорлик жамиятлари, “Агрохим” қўшма корхонаси ҳамда “Чирчиқ­машагро” масъулияти чекланган жамияти ва қатор маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Вилоятда фаолият юритаётган қишлоқ хўжалик корхоналари, фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластери вакиллари замонавий, самарадорлиги юқори, тежамкор ва ихчам техникаларнинг афзаллиги билан яқиндан танишди.

Ярмарка давомида тўғридан-тўғри ҳамда лизинг шартлари асосида харид қилиш бўйича 35 та зарур техникаларга буюртмалар берилиб, 10 дан ортиқ шартномалар имзоланди.

Дарҳақиқат, жорий йил бошидан бери “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти Навоий филиали томонидан вилоятдаги 177 та фермер хўжаликларига 240 та қишлоқ хўжалиги техникалари, турли агрегат ва қўшимча воситалар етказиб берилган.

Ўз мухбиримиз.

15.10.2018

пахта далаКармана тумани ҳокими Умаров Фахритдин Саматович тумандаги Зарафшон ҳудудидаги Салим Раҳимов раҳбарлик қилиб келаётган «Поткрон» фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғўза ривожланишини ҳамда фермер хўжалик фаолиятини кўздан кечирди.
Хўжалик жорий мавсумда ғалладан 290 тонна ҳосил олиниб, 210 миллион сўмдан ортиқ соф фойда кўрган. Ғалладан бўшаган майдонга экспортбоп дуккакли ва сабзавот экинлар экилган.
Ҳозирда 35,2 гектар майдонда ғўза парваришланётган бўлиб давлатга топшириш режаси 119.9 тонна қилиб белгиланган.
Туман ҳокими фермер билан мулоқотда ғўзани 60 сантиметр оралиқда экиб, агротехник тадбирларни сифатли бажариш, сувдан тежаб фойдаланиш, пахтани қайта ишлаш масалалари ҳақида сўз юритди.

Туман ҳокимлиги 
матбуот хизмати
05.08.2019 й

1 га асосийДавлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 март куни вилоятимизга ташрифи давомида воҳа қишлоқ хўжалигида сув танқислиги, тупроқ шўрланиши каби муаммоларни олимлар иштирокида ҳал этиш, бу борада илмий изланишлар олиб бориш белгиланган эди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган илмий-амалий тадқиқотлар ана шундай масалалар ечимига қаратилган. Бўлимда давлат илмий-техник дастурлари доирасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бир қанча лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, М. Усмоновнинг “Бентонит гилларидан фойдаланиб капсулаланган чигит уруғларини ишлаб чиқариш ва пахтачиликда жорий қилиш” ҳамда Т. Нурмуродовнинг “Паст навли фосфоритлардан ер тарқоқ элементларини ажратиш би­лан кимёвий тоза аммоний ва кальций фосфат тузларини олишнинг юқори самарали чиқиндисиз технологиясини ишлаб чиқиш” мавзуларидаги амалий лойиҳаларига давлат томонидан 180 миллион сўм маблағ ажратилиб, шу асосда саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

— Амалий ишларимиз қишлоқ хўжалигида синаб кўрилмоқда, — дейди тадқиқотчи М. Усмонов. — Изланишлар натижасида бентонит гиллари сувда эркин тўйиниши, намни ўтказишга имконият яратиши аниқланди. Навоий, Тошкент, Наманган, Сурхондарё вилоятлари далаларида экилган, ушбу кукун билан қобиқланган чигит ҳосилдорликни ошириб, сувни тежашда яхши самара берди.

— Кўпинча тупроқ диагностика қилинмай, ўсимликларнинг минерал озуқага бўлган эҳтиёжини текширмасдан ерга ўғит бериб, хатоликларга йўл қўйганмиз, — дейди карманалик фермер Ғ. Пўлатов. — Бентонит кукуни билан қобиқланган чигитни қадаганимиздан кейин бу йилда сув танқислиги, қурғоқчилик сезилмади, ғўзалар турли касалликлардан ҳимояланди.

Фанлар Академиясининг вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Илғор технологиялар” маркази азот ўзлаштирувчи ризобактериялар ассоциацияси ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилда олимлар томонидан азотли ва фосфорли ўғитлар сарфини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга имкон берадиган биоазот биопрепарати кашф этилди. Қизилтепа тумани ҳокимлиги томонидан ажратилган 5 гектар ерда синаб кўрилган мазкур препарат ўсимликларнинг меъёрий ўсиши ва ривожланиши учун муҳим озуқа элементлари, намлик ва ҳаво билан таъминлай олиши исботланиб, тупроқларнинг унумдорлигини белгиловчи асосий омил сифатида фермерларга тавсия этилди.

— Қишлоқ хўжалигидаги муҳим муаммолардан бири тупроқ шўрланиши ҳисобланади, — дейди бўлимнинг фермерларга амалий ёрдам ва консалтинг хизматлари маркази раҳбари Ш. Рустамов. — Статистика маълумотларига кўра, республикамизда суғориладиган майдонларнинг 70 фоизга яқини шўрланган. Бу ҳолат нафақат ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ёки ҳосилдорлиги, балки тупроқ унумдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Марказимиз тадқиқотчилари тупроқ структураси ва таркиби ҳақидаги маълумотлар асосида бирламчи ва такрорий экинлар экишга тавсиялар бериш, ўсиш жараёнини илмий кузатиш, илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган дори воситалари, препаратлар ва ўғитларни фермерлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришга эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йилда Навоий электрокимё заводи билан тузилган меморандумга асосан “Элсмик-А”, “Элсмик-Б”, “Калий-UM микроэлементлар билан” ҳамда “СИП-70 инсектицид” каби дори воситалари яратилиб, ер эгаларига тақдим этилди. Дорилар тупроқ таркибини яхшилаш, шўрланишдан сақлаш, юқори самарали кенг спекторли зараркунандаларга тез таъсир этиши билан бирга сув мувозанатини таъминлайди.

Фанлар Академияси вилоят бўлими ташкил этилганига бир йил тўлди. Шу қисқа вақтда профессор-олимлар қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига амалий кўмак бериш юзасидан фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Бундай ҳамкорлик эса илмий-амалий изланишлар самарасини таъминлаяпти.

Ҳилола ИСМАТОВА,

журналист.

15.10.2018