1 га макола байрам 1ДАВР МАСЪУЛИЯТИ

ТАШАББУСГА ЧОРЛАМОҚДА

Бугунги кунда вилоятимизда 42 та оммавий ахборот воситаси ҳамда 80 га яқин матбаа корхоналарида минг нафардан ортиқ мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Агар сўнгги йилларда уларнинг сони ортиб бораётганлигини инобатга олсак, воҳамизда мазкур соҳанинг салмоғи ва кўлами кенгаяётганлигини эътироф этиш мумкин.

Таъкидлаш керак, вилоят телерадиокопманиясида ҳудуддаги етакчи ОАВдан бири сифатида айни кунда бу ерда 60 нафар ходим иш олиб бормоқда. Улар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар журналистларни янада фаол ижод қилишга ундаяпти.

Ҳозирги кунда телевидение эфир дастурлари суткасига 18 соатни ташкил қилади. 06:00 дан кечки соат 24:00 гача узатилаётган эфирнинг сифат ва тезкорлигига алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, жорий йилда телерадиокомпания Германия технологиялари асосидаги энг сўнгги техникалар билан таъминланди. Шунингдек, замон талаби асосидаги видеокамера, сервер эфир узатиш, монтаж компьютерлари ҳамда ёритгичлар ҳам олиб келинди.

— Радиоэшиттиришларимиз эса 1 соат 36 дақиқадан иборат бўлиб, ҳафтанинг барча кунлари аналог форматда тарқатилади, — дейди телевидение бош муҳаррири И. Ғазнаев. — Телевидение ва радио орқали намойиш этилаётган дастурларнинг тезкор, сифатли ва кўламининг кенглиги, қолаверса, иш унумдорлигининг ошишида жамоадаги ҳар бир ходимнинг ҳиссаси бор, албатта. Бунда, айниқса ёш ҳамкасбларимизнинг ўрни беқиёс.

Таъкидлаш керак, жамиятдаги турли ижтимоий масалаларни ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган турли босма ва электрон ОАВга грант маблағлари ажратилаётгани бу жараёнда самарадорликни янада ошириб, таъсирчанлик юксалиб бормоқда. Охирги 3-4 йил ичида “Учқудуқ”, “Кармана овози”, “Навбаҳор тонги” каби нашрларнинг ана шундай ютуққа эришгани ҳамда улар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.

Жорий йилда ҳам “Конимех тонги” газетаси томонидан худди шундай яна бир грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Замон билан ҳамнафас” деб номланган мазкур лойиҳа учун яқинда фонд томонидан 27 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилди.

— Мақсадимиз олис чўл ҳудудларида жамоатчи мухбирларни тайёрлашдан иборат, — дейди газета муҳаррири Г. Наринбетова. — Белгиланган 11 ой муддат ичида Қизилқум қўйнидаги 20 та овулнинг ҳар бирида Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликда “Биз яшаётган жамият” мавзусида семинар машғулотлари ўтказилиб, уларда 400 нафар киши қамраб олинади.

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз бўйлаб ОАВ соҳасининг юксалиб бораётганлигини бевосита вилоятимиз мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бунда эса соҳа эгаларининг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари кутилган самарани бермоқда.

О. МУСТАФОЕВ.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

29.06.2018

2МУҚАДДАС АЙЁМ РУҲИГА ҲАМОҲАНГ ҚУВОНЧ

Жонажон юртимизда муборак Рамазон ҳайити шукуҳи барча кўнгилларга қувонч улашмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил 15-17 июнь кунлари байрам сифатида кенг нишонланди.

Вилоятимизда ҳам ана шу муқаддас айёмнинг мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, уларни руҳий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларда эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бирга, кенг жамоатчилик ҳам фаол қатнашмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий Рамазон ойида вилоятимиздаги 78 та жомеъ масжидида таровеҳ намозлари ўқилди ва уларда 4,5 минг нафарга яқин юртдошларимиз иштирокида Қуръони карим хатмоналари қилинди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, 13-14 июнь кунлари ана шу ибодат масканларида ҳашар ташкил этилиб, уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилди.

Шунингдек, барча маҳаллаларда Рамазон ҳайитини азалий урф-қадриятларимиз, миллий ҳамда диний анъаналаримизга муносиб тарзда нишонлаш мақсадида ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган оилаларга яқиндан кўмаклашилмоқда.

Жумладан, 14 июнь куни вилоятимизда 210 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари, 42 нафар уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган ва эҳтиёжманд фуқароларга намунавий лойиҳадаги арзон уйлар, шинам хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди.

Тантанали тадбирларда вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда халқнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, унинг турмуш даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айниқса, ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, эмин-эркин яшаши, ўз имкониятлари даражасида меҳнат қилишига кенг йўл очиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Эрта тонгдан Кармана туманидаги “Оқшом” тантаналар масканида ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар топширилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Кўнгли ярим инсонлар бундай хайру саховат тадбирлари ҳамда эътибордан мамнун эканликларини изҳор этди.

— Айрим сабабларга кўра, турмуш ўртоғим Ғулом Расуловнинг жисмоний имкониятлари чекланиб қолди, — дейди Навоий шаҳри, “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Л. Расулова. — Давлатимизнинг ғамхўрлигидан доим мамнунмиз. Муқаддас байрам арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор учун Президентимизга раҳмат айтамиз.

Шу куни Кармана туманининг “Варқ” массивида ҳам 2 сотихлик намунавий лойиҳадаги уй-жойларга бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар ҳамда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқаролар кўчиб ўтди. Маҳаллада бошланган байрам сайли кўнгилларга завқ-шавқ улашди.

2-гуруҳ ногирони Саломат Сувонованинг янги хонадонига яқинлари ва қариндошлари, маҳалладошлари жам бўлди. Уй соҳибасининг қувончларига шерик бўлиб, чин дилдан муборакбод этишди.

— Қўлимда ҳунарим бор, тикувчилик билан шуғулланаман, — дейди С. Сувонова. — “Навоий дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти касаначилик асосида мени тикувчиликка ишга қабул қилди. Шундай шинам уйга эга бўлишимда корхона беминнат кўмак берди. Энди корхонанинг ривожланиши ва турмушим фаровонлиги учун меҳнат қилишга имконият яратилди. Бунинг учун барча мутасаддиларга раҳмат айтаман.

Ўз мухбиримиз.

22.06.2018

ижтимоий дорихона Туманимиз аҳолиси диққатига!

ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3532-сон қарори ижроси бўйича туманимизнинг турли ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида ижтимоий дорихоналар иш бошлади. Фуқаролар ушбу ижтимоий дорихоналардан 152 турдаги, нархлари қаттий белгиланган дори-дармонларни сотиб олишлари мумкин.

Ижтимоий дорихоналар қуйидаги манзилларда жойлашган:

  1. Кармана тумани, Тошкент кўчаси, 28-уй, туман тиббиёт бирлашмаси биносида.
  2. Кармана тумани, Дўрмон МФЙ, 2-сонли ҚОП биносида.
  3. Кармана тумани, Уйрот МФЙ, “Ибн Сино” номи ҚОП биносида.
  4. Кармана тумани, Ҳазора қишлоғи, Ҳазора ҚОП биносида.
  5. Кармана тумани, “Юқори буғ” МФЙ, Жалойир ҚОП биносида.
  6. Кармана тумани, “Камолот” МФЙ, Нарпай ҚОП биносида.
  7. Кармана тумани, “Сардоба” МФЙ, Маликработ ҚВП биносида.
  8. Кармана тумани, “Малик” МФЙ, Мирзо Улуғбек номли ҚВП биносида.
  9. Кармана тумани, “Наврўз” МФЙ, Учқун номли ҚВП биносида.
  10. Кармана тумани, “Пахтаобод” МФЙ, Пахтаобод ҚВП биносида.
  11. Кармана тумани, “Шибзон” МФЙ, Маданият ҚВП биносида.

Ушбу ижтимоий дорихоналар соат 8-00 дан 20-00 гача фаолият юритадилар.

Туман тиббиёт бирлашмаси.

DSC 0747Муборак Рамазон ойи бетимсол эзгулик, меҳр-шафқат, хайру саховат рамзидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимизда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилганлиги ғоят муҳимдир. Бу ҳаётий ҳақиқат ўтган ой давомида яна бир бора ўз тасдиғини топди.

Рўза тутиш фақат еб-ичишдан тийилишдан иборат эмас. Аввало, сидқидилдан, иймон-эътиқод билан ҳаракат қилиш, одамларнинг дилини оғритмаслик, кўнгли ярим, хаста, эҳтиёжманд кишиларнинг кўнглини кўтариш, уларга ҳеч қандай таъмасиз яхшилик қилишни Аллоҳ буюрган. Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, кўплаб рўзадорларимиз худди шундай йўл тутишди.

Бутун Рамазон ойи давомида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, муҳтож кишилар хонадонларига файзу барокат тимсоли сифатида совға-саломлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси етказиб турилди. Бундай эзгу ишлар бевосита туман ҳокимлиги раҳнамолигида, маҳаллалар, ташкилотлар, корхоналар, тадбиркорлар, фермерлар ҳомийлигида, қолаверса, бевосита рўзадорлар саъйҳаракатлари билан амалга оширилиб келинди.

Биз нуронийларни қувонтирадиган яна бир жиҳати шундаки, муборак айём — Рамазон ҳайити кунларида ҳам кўнглимизни осмон қадар юксалтирадиган бундай амаллар аввалгиданда кўпроқ ташкил этилаяпти.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдимки, муборак Рамазон ойи мобайнида Мир Саид Баҳром, Хўжа Хисрав мақбаралари таъмирланди, Қосимшайх Азизон ёдгорлик мажмуаси бошдан-охир обод қилинганлиги барчамизга манзур бўлди.  

Юртбошимиз бошчилигида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, барча соҳаларда юз бераётган ҳаётий ўзгаришлар туфайли одамларимиз, кексаларимиз турмушидан, умридан, аввало, инсонпарвар давлатимиздан рози бўлмоқдалар.

Мустақиллик туфайли ҳайитларимиз умрбоқий қадриятларимиз сифатида ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди.

Азиз юртдошлар, биз нуронийлар қайта-қайта шукроналар айтиб, барчангизни Рамазон ҳайити билан муборакбод этамиз.

К. ҚУРБОНОВ,

туман “Нуроний”

жамғармаси раиси.

18.06.2018

83c6c33595ca264d7458378d009c7b1aКўп асрли адабиётимиз ва санъатимиз ғоят серқирра бўлиб, миллий қадриятларимизнинг теран илдизларидан озиқланиб келмоқда. Улардан халқимиз, миллатимизнинг янгиянги авлодлари баҳраманд бўлаётганлиги аён ҳақиқат.

Она диёримизнинг турли гўшаларида азалазалдан бахшилик ва достончилик санъат мактаблари табиий фаолият олиб борган. Неча юз йиллар илгари ҳозирги радио, телевидение, мобиль телефонлар, интернет тармоқлари, аудиовидео воситалари бўлмаган бир шароитда бундай мактаблар кўпчиликнинг, айниқса, истеъдодли инсонларнинг хоҳиширодаси билан турли йиғинлар, халқ сайиллари, тўйлар баҳонасида астасекин шакллана борган.

Юртимиздаги ҳар бир бахшичилик мактабининг ўз йўли, ифода йўсини, маҳаллий шевадан келиб чиққан ҳолда сўз бойликлари халқ эртаклари, достонларида мужассамланган. Масалан, мамлакатимиздаги ҳозирги Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидаги бахшичилик мактаблари бевосита бирбиридан фарқ қилган. Айтайлик, “Гўрўғли”, “Алпомиш” туркумидаги достонлар ҳар бир бахшичилик мактабида ўзига хос тарзда сўйланган ва куйланган. Хусусан, “Гўрўғли” туркумидаги қирқдан ортиқ достонлар турли бахшичилик мактабларида ўзига хос тарзда айтилган. Худди шу мисолни “Алпомиш” туркумига кирувчи ўнлаб достонлар қиёсида ҳам айтиш мумкин.

Мустақиллигимизнинг ўтган йиллари давомида маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш, халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларимизни изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли тарғиботташвиқот ишлари олиб борилди ва улар ўз самараларини бермоқда.

“Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳрида буюк халқ қаҳрамонига ҳайкал ўрнатилди.

Мамлакатимизда 100 жилддан иборат “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” кутубхонасининг нашр этилаётганлиги кўпчиликни беҳад қувонтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелда қабул қилинган “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сонли қарорида жумладан шундай дейилади:

“Айни пайтда бахшичилик ва достончилик санъатининг тарихи, бахшилар ва достончилар ижодини мукаммал ўрганиш, бу борада фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, халқ оғзаки ижоди ёдгорликларини тўплаш, нашр этиш юзасидан яна кўпгина чора-тадбирларни амалга оширишга эҳтиёж сезилмоқда.”

Бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш ҳозирги давр талабларидан биридир. Негаки, достонларда халқимизнинг азалий орзуармонлари, юксак тафаккур салоҳияти, мардлик, ҳур фикрлилик, эркинлик, бунёдкорлик, ҳалол меҳнат, иймон-эътиқод ғоялари илгари сурилганлиги билан ҳам уларнинг тарбиявий аҳамияти тобора ортиб бораяпти.

Ушбу қарорга асосан бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича 2018 — 2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шу билан бирга ҳар йили Наврўз умумхалқ байрами арафасида Термиз шаҳрида Республикада фаолият юритаётган бахшиларнинг ўқув семинари ташкил этиладиган бўлди.

Айниқса, 20182019 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятларидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик ва достончилик йўналиши бўйича махсус синфлар очилади.

Тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ жорий йил Ватанимиз истиқлолининг 27 йиллик байрами арафасида “Мустақиллик бахшилари” китобальбоми чоп этилади.

Ўзбекистон халқ бахшилари ҳақида зарур маълумотлар тўпланиб, уларнинг портретлари тайёрланади ҳамда жойлардаги 312 та болалар мусиқа ва санъати мактабларига етказилади.

Таниқли бахшилар ижросида “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Авазхон”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра” сингари бахшичилик санъати дурдоналари ҳақида телекўрсатув ва радио эшиттиришлари мунтазам равишда эфирга узатилади.

Ўзбек бахшичилик санъатининг таниқли намоёндалари фаолияти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм яратилади.

Тарихий манбалардан яхши маълумки, вилоятимизнинг Нурота туманида Эргаш Жуманбулбул, Хатирчи туманида эса Пўлкан шоир бахшичилик мактаблари бўлган. Порсо Шамсиев, Музайяна Алавия, Муҳаммаднодир Саидов ва бошқа фидоий фольклоршунос олимларимиз уларнинг оғзидан халқ достонларини эринмасдан сўзмасўз, ҳатто транскрипцияси билан ёзиб олишган. Уларнинг қўлёзмалари айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлёзмалар институтида сақланмоқда.

Навоий вилояти ҳокимининг 2018 йил 2 майда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сон қарори ижросини таъминлаш ҳақида”ги Қ-165-сонли қарори қабул қилинди. Унинг ижроси нафақат зиёлиларимиз, балки аҳолининг барча қатламлари зиммасига катта масъулият юклайди. Хусусан, туман ҳокими томонидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда белгиланган чора-тадбирлар ижросида туман маданият бўлими, кутубхоналарнинг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Шунинг учун ҳам бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этишимиз, айниқса, фуқаролар онгига сингдириш чораларини кўришимиз ва бунга эришишимиз учун аниқ мақсад билан ишлашимиз зарур.

Ана шундай қатъият билан ишласак, бахшичилик ва достончилик анъаналари давом этаверади ва барчамизни ёруғ келажагимиз сари чорлайверади.

О. ҲОТАМОВ.

07.06.2018